ҚОНУНГА ЯНГИ ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИЛДИ

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-566-сонли Қонуни билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан: Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги 924-XII сонли Қонунининг 61-моддаси биринчи қисми қуйидагича таҳрир этилди:

«Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин. Мазкур Қонун қабул қилингунга қадар 30 ёш эди.

Шунингдек, ушбу модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади».

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги ЎРҚ-427-сонли Қонунининг 5-моддаси учинчи қисмига, 7-моддасига, 10-модданинг иккинчи хатбошисига, 17-модда иккинчи қисмига, 18-модданинг биринчи қисмига, 20-моддасига ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, 24-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни танлаш тартиби

Бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади.

Захирага киритилган судьялик лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида ўқишни муваффақиятли тамомлаганидан кейин бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда турли ўрганиш усулларидан: суҳбат ўтказиш, мустақил экспертлар томонидан тест синовидан ўтказиш, берилган муаммолар бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлаш ва экспресс сўровлардан фойдаланилиши мумкин.

Судьялик лавозимига номуносиблиги туфайли ўзига нисбатан Кенгашнинг захирага киритиш рад этилганлиги тўғрисидаги хулосаси чиқарилган шахс бир йил ўтгач, захирага киритиш тўғрисидаги ариза билан Кенгашга такроран мурожаат қилиши мумкин.

Захирага киритиш бошқа сабабларга кўра рад этилган шахс рад қилиш сабаблари бартараф қилинганидан  кейингина захирага киритиш тўғрисидаги ариза билан Кенгашга такроран мурожаат қилиши мумкин».

Ж.МАМУРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.