АДАБИЙ НУТҚҚА ЭЪТИБОР

Ўқувчи-ёшларнинг оғзаки ва ёзма нутқларини шакллантиришда барча фанларнинг ўрни бор. Шу боис она тили ва адабиёт фанининг бошқа фанлар билан ўзаро боғлиқлиги муҳим аҳамият касб этади. Фаолиятимда мана шу жиҳатларга эътибор қаратиб, ҳамкасбларим билан ўзаро тажриба алмашиб келмоқдаман.

Она тили ва адабиёт фани ойлиги доирасида мактабимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. «Ёш адабиётшунослар» тўгараги аъзолари «Тил – миллат кўзгуси» тадбирини омма эътиборига ҳавола этдилар. Унда она тилимизни улуғловчи матнлар, шеърлар, А.Навоий ҳаётига доир саҳна кўриниши, мақол ва маталлар, тез айтишлар томошабинларга манзур бўлди. 10-«А» синфда «Эскирган сўзлар» мавзусида очиқ дарс тақдимотини ўтказдим. Ноанъанавий усулда ташкил қилинган ушбу машғулотда «Билим дарахти», «Занжир», «Ким топқир?» усулларининг қўлланиши машғулот самарадорлигини таъминлашга хизмат қилганини кузатувчилар алоҳида эътироф этдилар. Ойлик доирасида яна 10-«В» ҳамда 6-«А» синф ўқувчилари фаоллик кўрсатдилар.

Фотима НАЗАРОВА,

29-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.