БУРЧГА САДОҚАТ

Кишилик жамиятида «бурч», «масъулият» деган тушунчалар борки, бу тараққиётда ғоят муҳим роль ўйнайди. Ахлоқшуносликда бурч шундай таърифланади: «Бурч ахлоқшунослик категорияси. Инсоннинг виждон амри билан бажарадиган ахлоқий  мажбурияти.»

Одатда, бурч туйғуси, масъулият ҳисси, виждон амри, эл-юртга муҳаббат давр қаҳрамонларини яратади. Жамият ҳаётининг ҳар бир даврида эл корига камарбаста, фидокор, Ватан, халқ озодлиги, бахт-саодати йўлида ҳар ишга тайёр инсонлар бўладики, улар бурч, масъулият ҳиссини теран англайдилар…

Шаҳар шифохоналаридан бирида даволанаётган чоғимда уяли телефоним йўқолиб қолди. Маҳалла профилактика  инспекторига телефон қилиб, вазиятни айтдим. Қисқа вақтда етиб келган инспектор ўзини «Илҳомжон Шералиев», -деб таништирди ва зарур маълумотларни олгач: «Домла, хотиржам бўлинг, телефонингизни топиб берамиз», -деди. Унинг ишонч билан ваъда бериши, ўзини тутиши, муомаласи мени анчайин хотиржам қилди. Ҳар 5-10 кунда телефон қилиб, текширув кетаётганини, хафа бўлмай туришимни айтиб турди. Ниҳоят, бир ой деганда, хушхабар айтди. Телефонимни олгани борганимда, Илҳомжон билан бироз суҳбатлашдим.

Маълум бўлдики, тумандаги 7-мактабни тамомлаб, НамДУнинг ҳуқуқ ва маънавият факультетида ўқиган, Уйчи тумани ИИБда қўриқлаш хизмати бўлимида иш бошлаган. Ҳозирда Наманган шаҳар ИИБда профилактика инспектори бўлиб ишлайди. Нега ихтисослиги бўйича ишга жойлашмаганлиги ҳақида сўраганимда:

-Ички ишлар соҳасига ёшлигимдан қизиққанман. Қўшнимиз Раҳимшер ака Холдоров шу соҳада ишларди, унга ҳавас қилардим», -деб жавоб берди.

Ҳа, инсон қайси соҳага ёшлигидан қизиқса, у шу соҳада ғайрат, иштиёқ ва чин дилдан меҳнат қилади, меҳнати унумдор бўлади. Ёшларимизни келажакка тайёрлашда шу нарсани ҳисобга олинса, ғоят мақбул иш бўларди.

Илҳомжоннинг халқ тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлиги йўлидаги савобли ва шарафли ишларига муваффақиятлар тилаймиз.

Ўринбой МЎМИНОВ,

маънавият тарғиботчиси.