ВАЗНИ – МИСҚОЛ, ҚИЛМИШИ – БОТМОН

Инсон зоти ўзининг ақли, фаросати, иродаси билан улкан ишларга қодир. Аммо ақл қисқа, фаросат саёз, ирода бўш бўлса, улкан ишлар қолиб, майда-чуйда, бемаза ишлар билан шуғулланаркан.

Қумтепа маҳалласи фуқароси У.Т. айни қирчиллаган ёшда. Эл-юрт манфаати, Ватан равнақи йўлида мислсиз бунёдкорликлар қилиши мумкин бўлгани ҳолда 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми «а» банди билан судланиб, жазодан амнистия орқали озод қилинган эди.

Ўрганган кўнгил яна ўртади шекилли, ўтган йили Норин дарёсидан балиқ овлаш чоғида ўсиб ётган наша ўсимлигини кўриб қолиб, ундан юлиб, уйига олиб келган. Сочиққа ўраб, яшириб қўйиб, истеъмол қилган. Аммо сир очилиб қолиб, яна пушаймонлигини «изҳор» қилиб ўтирибди.

У.Т.нинг такрорий қилмиши тергов жараёнида ашёвий далиллар ва холис гувоҳлар орқали исботини топди. Уни энди қонуний жазо кутмоқда.

Ҳа, айтмоқчи, топилган наша ўсимлиги бор-йўғи 6,93 грамм (1,5 мисқол) экан. Аммо унинг ортидан келадиган нохушликлар ботмонга тўғри келади.

Комилжон УБАЙДУЛЛАЕВ,

туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор.