ДАРС ТАҲЛИЛЛАРИ КЕРАКМИ?
Бугунги кунда кўпгина таълимга оид ижтимоий тармоқларда «Дарс таҳлиллари керакми?» сарлавҳаси остида сўровномалар ўтказилмоқда. Шундай сўровномаларни ўтказаётганлар дарс таҳлиллари ҳақида наҳотки билимга эга эмас, дея ўйланиб қолдим.
Маълумки, халқ таълими тизимидаги энг долзарб вазифа – таълим сифатини янги босқичга кўтариш, ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратларини ошириш, уларга амалий методик ёрдам бериш, ёш ўқитувчиларга касбига нисбатан иштиёқини оширишга қаратилгандир. Бунинг учун эса ўзаро тажриба алмашиш асосий усуллардан. Дарс таҳлиллари орқали ўқитувчилар бир-бирлари билан метод алмашадилар, фикрлашадилар, ютуқ ва камчиликлар билан ўртоқлашадилар. Натижада эса жамоада соғлом рақобат муҳити юзага келади.
Ўқитувчилар учун илмий, методик, дидактик ва умумий-педагогик таҳлиллар керак бўлса, мактаб психологлари учун психологик таҳлил турлари мавжуд. Ўқитувчиларнинг ўзаро дарс таҳлиллари – бир-бирларига амалий методик ёрдам ва тавсиялар бериш орқали дарс самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Афсуски, ҳозирда чораклик ҳисоботлар учун ёлғон таҳлиллар ҳам урфга айланиб қолган, бу – ўз-ўзини алдаш, кўзбўямачилик. Шундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун аввало, мактаб раҳбарлари, ўринбосарлари, фан методбирлашма раҳбари шахсий намуна кўрсатишлари керак бўлади.
«Устоз – шогирд», «Ўрган – ўргат» тавсиялари асосида фаолият олиб бориш ҳам таълим самарадорлигини оширади. Демак, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун дарс таҳлиллари жуда ҳам керак.
Муножат ЖУНАЕВА,
21-мактабнинг олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси.

