ЖИСМОНИЙ ҚУВВАТ, РУҲИЙ ТЕТИКЛИК, АҚЛИЙ БАРКАМОЛЛИК

Мамлакатимизда кейинги йилларда ривожланиб бораётган шарқ яккакурашларининг яратилиши тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. «Jeet kune do» улар орасида энг навқирон спорт тури ҳисобланиб, атиги ярим аср аввал афсонавий жанг санъати устаси Брюс Ли томонидан яратилган. Кун фу санъати дарғаларидан бири ҳисобланган Ип Маннинг энг иқтидорли шогирди бўлган Ли Қўшма Штатларга кўчиб ўтгач, ўз маҳоратини турли жанговар услуб эгалари билан бўлган беллашувларда синовдан ўтказди. Ушбу жараёнларда Хитой жанг санъатининг ютуғи билан бирга жузъий камчиликлари ҳам намоён бўла бошлади. Кейинчалик турли чиқишларида, тақдимотларида ушбу нуқсонларни илмий асослаган ҳолда очиб беришга уринган Брюсни ўша кезлари ҳамма ҳам қўллаб-қувватлайвермаган. Зиддиятлар, қарама-қаршиликларга жавоб тариқасида яратилган янги йўналиш «Jeet kune do»нинг устун жиҳатларини кўрсатиб бериш масъулияти ҳам муаллифнинг зиммасида эди. У ушбу вазифани бир неча нуфузли мусобақаларда уддалашга эришди. Бора-бора нафақат АҚШ ёки Хитой, балки ер юзининг турли минтақаларида Ли тарафдорлари, унинг жанг санъатини ривожлантирувчилар сафи кенгайиб борди.

Ўтган икки йил мобайнида «Jeet kune do» ривожи вилоятимизда кенг қулоч ёйди. Бунда федерациянинг вилоят бўлими раиси Жаҳонгир Раҳимовнинг хизматлари катта. У 2017 йили ташкил этган тўгаракда ўнлаб йигит-қиз ушбу спорт тури сирларини пухта эгалламоқда. Ўтган йили Ж.Раҳимов «Соғлом аёл – соғлом жамият» лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантини қўлга киритди. Бор эътибор «Jeet kune do»нинг ёшлар ўртасида оммалаштириш, спортга болалар билан бир қаторда ўқувчи-қизларни кенг жалб қилиш, ёшлар камолоти ва саломатлиги йўлида тарғибот-ташқивот ишларига қаратилди.

Истеъдодли мураббий ташкил этган спорт тўгараги фаолиятига у қадар кўп вақт бўлмаса-да, шогирдлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Чунки болалар нафақат яккакураш сирларини пухта эгаллашлари, балки ҳаётга, эртанги кунга бўлган соғлом дунёқараш, баркамоллик фалсафаси, бор куч ва маҳоратни юрт ва халқ манфаатлари йўлида сарфлаш каби эзгу ғоялар таъсирида камол топмоқдалар.

Жорий йилда «Jeet kune do» бўйича ташкил этилган мусобақаларда Ж.Раҳимов шогирдлари залворли натижаларга эришмоқдалар. Вилоят терма жамоаси сафидан муқим жой эгаллаган тумандаги 10-мактаб ўқувчилари Аҳрорбек Олимжонов ва Азизбек Қорабоев Тошкент, Бухорода ўтказилган турнирларда кучлилар орасидан сараланиб, 2-3-ўринларни эгаллашди. Республика терма жамоаси сафида халқаро турнирда 43 кг. вазн тоифасида иштирок этган Аҳрорбек Олимжонов маҳоратли эканини яна бир бор исботлади. У рақибларини бирин-кетин таслим қилиб, финалга қадар етиб борди ва мусобақанинг вице чемпиони бўлди.

Бу икки иқтидор эгаси олдига улкан мақсадларни қўйган. Шулардан биринчиси спорт устаси нормативини бажаришдир.

-Машғулотларда Аҳрор акага тақлид қилишга уринаман, -дейди тўгарак аъзоларидан бири – умидли спортчи қиз Ирода Каримова. Ирода ҳам юқорида зикр этилган мусобақалар иштирокчиси ва совриндори. Бугун кўксини безаб турган ҳар бир медаль ортида заҳматли меҳнат ва орттирилган тажриба мужассам. Ирода ҳам 10-мактабнинг 8-синфида таҳсил олади. Оилада 6 фарзанднинг кенжаси. У хонадондаги ягона спортчи. Аввал спортнинг бошқа тури билан умуман шуғулланмаган. «Jeet kune do» уни биринчи машғулотдаёқ буткул ром қилиб олган экан. Атиги бир йилда қўлга киритган натижалар отаси Раҳимжон, онаси Маликахонни ҳайратга солмоқда. Бунда мураббийнинг хизматларини эътироф этиш жоиздир.

Соғлом муҳит шаклланган жамоада соғлом ривожланаётган йигит-қизлар орасида юқоридаги умидли спортчилар каби шаклланиб келаётган иқтидор эгалари талайгина. Уларга ҳам кўзлаган эзгу ният ва мақсадлари рўёбини тилаймиз.

Абдулҳаким НИШОНОВ.