ИҚТИДОРЛИЛАР КАШФ ЭТИЛМОҚДА

Бугунги ўқувчи-ёшлар орасида иқтидор эгалари, истеъдодлилари талайгина. Айниқса, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижроси бўйича амалга оширилаётган тадбирларда яна кўплаб иқтидор эгалари кашф этилмоқда.

Яқинда тажрибали ва ташаббускор раҳбар Айнура Исабекова директорлик қилаётган 4-мактабга туман семинари баҳона ташриф буюрдик. Очиғи, мактабга киришдан тортиб ҳар бир синф хонасигача бўлган озодалик, покизалик ва фусункорлик эътиборингизни жалб этади. Мактаб остонасини ҳатлабоқ, чаман бўлиб турган гулларга кўзингиз тушади, баҳри дилингиз очилади, кайфиятингиз кўтарилади. Беш ташаббуснинг ҳар бир тури бўйича тайёрланган кўргазма ва амалий машғулот жараёнларини қизиқиш билан кўрасиз. Бинога кираверишда тасвирий санъат фани ўқитувчиси Музаффар Собировнинг шогирди, 8-синф ўқувчиси Исломжон Ортиқбоев ҳамда Учқўрғон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 9-синф ўқувчиси Баҳромжон Шокировнинг этюд ва манзарадан иборат турли суратлари қўйилган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Музаффар Тўрабоев ташкил этган шахмат-шашка тўгарагига 22 нафар ўқувчи аъзо. Шу куни тўгарак аъзолари яна бир бор ақлларини чархлашди.

Технология фани ўқитувчиси Нигора Қозоқованинг «Ёш моҳир қўллар» тўгараги аъзолари ҳам бўш келишмади. Пазандачилик, қўл меҳнати билан тайёрлаган кўргазмаларини  намойиш этдилар.

-Мўъжазгина кутубхонамиз доимо китобсевар ўқувчилар билан гавжум, -дейди мактаб кутубхоначиси Феруза Иномова. -Салкам 1500 китоб фондига эгамиз. Кутубхонамизни янги бадиий адабиётлар билан бойитиб боряпмиз. «Ёш китобхон» тўгарагимиз аъзолари турли тадбирларда фаол қатнашишяпти.

Туман семинари давомида «Қувноқ стартлар» мусобақаси қизиқарли баҳсларга бой ўтган бўлса, рус тили фани ўқитувчилари Тоҳиржон Дедабоев, Нодира Абдуллаева, инглиз тили ва математика фани ўқитувчилари Муборак Абдуқодирова, Муножат Юсуповалар томонидан саҳналаштирилган «Шолғом» эртаги рус ва инглиз тилларида 5-синф ўқувчилари томонидан маҳорат билан ижро этилиши барчага манзур бўлди. Айниқса, ўқувчиларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида нутқи равон, ҳар бир сўзни чиройли талаффуз билан ифода этолгани мактабда фан ўқитувчилари ўқувчиларнинг қалбига йўл топиб, изланиб ишлашаётганидан далолат берди.

Туман семинари юқори савияда ташкил этилишида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Анваржон Ибрагимов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси Турсунпўлат Қўшаевларнинг фидойи меҳнатлари алоҳида эътироф қилинди.

Муҳаммад АЛИ.