МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ОҚИБАТИ

Вилоят ИИБ ходимлари томонидан шу йил 12 август куни ўтказилган «Қора дори – 2019» тадбири чоғида Қўқон минтақавий темир йўл узели Учқўрғон бекати 13-даҳа 1-бригада ПЧ-6 корхонаси раҳбари С.Д.нинг хизмат ҳудуди ҳисобланган Чортоқ-Уйчи темир йўл изининг чап томонида 3 квадрат метр ерда 45 туп ёввойи ҳолда ўсаётган нашасимон ўсимлик аниқланди. Ҳуқуқбузар С.Д. бу ўсимликларни ўз вақтида йўқотиши лозим бўлгани ҳолда, эътиборсизлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган.

Туман ҚСХБ мутахассислари хулосасига кўра, нашасимон ўсимликка ишлов берилмаган, суғорилмаган, озиқлантирилмаган, қаровсиз ҳолда ўсган. Жорий йилнинг 11 сентябрь куни ўтказилган туман маъмурий судининг очиқ сайёр суд мажлисида бу иш кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузар С.Д. ўз айбига иқрор бўлди. Келгусида ўзига қарашли ҳудудни доимий равишда назоратга олишини, масъулиятсизлигидан пушаймон эканлигини айтиб, суддан енгиллик берилишини сўради.

Суд С.Д. томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 106-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик содир этилган, деб топди ва МЖТКнинг 33-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг тўртдан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Б.КАСИМОВ,

туман маъмурий суди раиси.