ОИТС ТЎҒРИСИДА ТУШУНЧАЛАР

ОИТС – орттирилган иммунитет танқислиги синдроми юзага келган даврда инсон организмининг турли хил касалликларга бардош бериш хусусияти йўқолади.

Касаллик одамга вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, яхши зарарсизлантирилмаган соқол олиш ускуналаридан бир неча киши фойдаланганда, аёллар маиший хизмат салонларида маникюр, педикюр қилиш пайтида гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаганда, гиёҳванд моддани қон томирига юборишда умумий шприц ва игнадан фойдаланилганда, касалланган онадан ҳомиладорлик пайтида ҳомилага, туғруқ жараёнида ва кўкрак сути билан гўдакка юқади.

ОИВ инфекцияси касаллиги тарқалишида, асосан, узоқ муддат меҳнат миграциясида бўлиб, соғлом турмуш тарзига амал қилмай, қайтиб келганлар сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун меҳнат мигрантларини ОИВга тиббий кўрикка жалб этиш, келин-куёвлар ФҲДЁ бюросида никоҳларини расмийлаштиришдан аввал тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Никоҳланувчи ёшларга тиббий кўрикнинг жорий этилганлиги оиланинг муқаддаслиги ва мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Тиббий кўрик даврида касалликлар аниқланса, уларни ўз вақтида даволаш чоралари кўрилади.

Мабодо, ўзингизга ОИВ юқиб қолди, деб ўйласангиз, энг аввало, тушкунликка тушмасдан вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва барча туман марказий поликлиникалари қошидаги ишонч хоналарига мурожаат қилинг. У ерда ОИВ инфекцияси бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб топасиз. Бу жойда шахсни сир тутган ҳолда хизмат кўрсатилади, бепул лаборатория текширувидан ўтишингиз мумкин.

Ҳошимжон АБДУРАҲМОНОВ,

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази услубчиси.