ОМАД СЕНГА, ДОСТОНБЕК!
Кейинги йилларда спортнинг белбоғли кураш тури бўйича мамлакат миқёсида ва халқаро ареналарда туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган истеъдод эгалари етишиб чиқмоқдалар. Достонбек Сотиволдиев ана шундай умидли спортчилардан. У Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежининг 3-курс ўқувчиси. Мазкур спорт тури билан 8 йилдан буён шуғулланади. 1-БЎСМ қошида ташкил этилган тўгаракда мураббий Элмурод Абдуллаев қўл остида курашнинг сир-асрорларини пухта эгаллаган Достонбек бир неча турнирларда иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олди. Уч карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Отаси Рустамжон, онаси Инобатхон орзу қилганидек кўкраги шода-шода медаллар билан тўлиб тошди.
Достонбекнинг галдаги режалари билан қизиқдик.
-Яқинда Қозоғистонда белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади, -дейди ёш спортчимиз. -Мана шу баҳсларда юртимиз байроғини юксакларга кўтариш учун қизғин тайёргарлик кўряпман.
Дарвоқе, жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш осон кечмайди. Унда ҳар бир баҳс финалга тенг. Аммо умидли спортчимиз Достонбек Сотиволдиев муносиб иштирок этиб, ёруғ юз билан юртимизга қайтади. Бунга ишончимиз комил.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

