ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ

Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз.

Алишер НАВОИЙ.

Буюк А.Қодирийда «Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли, дейдилар», -деган гап бор. Она тилимиз тўғрисидаги мулоҳазаларимни мен ҳам мозийга – яқин ўтган замонга бир назар билан бошламоқчиман.

70-80 йиллар.

Автобусда: -Граждан пассажирлар, билет олволинглар. Следуюший астановкада контроль бор. Қўлга тушиб, двойной-тройной штраф тўлаб, шопирриям позорить қилманглар. (17 та сўзнинг 11 таси русча).

Дарсда: -Салом, болалар. Звонок чалинмасдан кирдим. Чунки ўтган тема юзасидан контроль иш ёзамиз. Дежур ким? Ҳамма борми? Класском, дафтарларни тарқат. (19 та сўзнинг 5 таси русча).

Қайси соҳа бўлмасин, ҳаммасида ҳам аҳвол шу эди. Ўзбекча-русча сўзлар аралаш-қуралаш ишлатилар, тилимиз софлиги, пурмаъно сўзларимиз йўқолиб бораётган эди.

Тилимиз дунёда, айниқса, туркий тиллар ичида энг бой тил саналади. «Рус шеъриятининг қуёши» А.С.Пушкин  асарларида 21 минг сўз ишлатган бўлса, ҳазрат Навоий бобомиз 26 минг сўз қўллаганлар. Жаҳон адиблари булардан кейин туришади.

Ҳайриятки, Биринчи Президентимиз И.Каримов (охиратлари обод бўлсин) саъй-ҳаракатлари билан бундан 30 йил муқаддам, Шўролар талвасаси кучайган бир даврда тилимизни «давлат тили» деб атаб, қонун-лаштирдилар. Таназзул ёқасида турган қадимий, гўзал тилимизга қайта жон ато этилди. Шундан бошлаб тилимиз бойиб, сайқалланиб, камол топиб бормоқда.

Бироқ айрим «олимтой»лар кашфиёти билан баъзи сўзларимизга ўзгартишлар киритиляптики, натижада сўзнинг маъноси мавҳумланиб қолмоқда. Масалан, мактабда «ўқитувчи», «ўқувчи», «аълочи», «иккичи» каби сўзлар қаторида «кўчирмачи» деган сўз бор. Бу сўзни ҳозир «кўчирмакаш» тарзида қўлланмоқда. «Меҳнаткаш», «носкаш» каби сўзлардаги – каш қўшимчаси форс-тожик тилида «чекмоқ» маъносини ифодалайди, «кўчирмакаш» деб қўллаш илгари ҳеч қачон бўлмаган. Шунингдек, «иложи йўқ»ни «иложиси йўқ» (эгалик қўшимчаси қўшалоқ қўлланмоқда), «пиллакор»ни  «пиллачи», «ростакамига» сўзини «ростакасига» деб ишлатиш нега керак? Ахир, адабиётимиз дарғалари Ғ.Ғулом, Ойбек, А.Қаҳҳор сўзларнинг этимологиясига кўра ишлатганлар-ку! Асрлар давомида сайқалланиб, қолипга тушган, барчага тушунарли бўлган сўзлар устида «кашфиёт» қилиб, муаммо яратиш кимга зарур бўлиб қолди? Ёшларимиз ўтмиш адабиётларини ўқиганда, иккиланиб қоладилар-ку!

Бу борада телеканаллардаги айрим «чаққон» сухандонларга, бемалол шевада сўзлаётган олимлару раҳбарларга ҳам анчайин эътирозларимиз бор.

Азизлар! Бебаҳо, гўзал, бой она тилимизга ҳурмат, эътиқод ва уни асраб-авайлаш ҳар бир миллатдошимизнинг бурчи ва масъулиятидир.

Комилжон СИДДИҚОВ,

Олмурут МФЙ раиси, «Халқ таълими аълочиси».