ТАРБИЯДА КИТОБНИНГ РОЛИ
Республикамиз аҳолисининг ярмини ёшлар ташкил этиши, тарихимиз, миллий анъаналаримиз, қадриятларимизнинг тикланиши, ёшларда ўзлигини билишга бўлган ҳиссиётнинг кучайиши, хилма-хил ахборотларга бўлган эҳтиёжларнинг кучлилиги, жамиятнинг, даврнинг тезкор ривожланишига муносиб, ҳозиржавоб бўлишида кутубхона ва ундаги ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Чунки дунёда бўлаётган барча воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар, кашфиётлар, янги технологиялар аввало, китобларда, вақтли нашрларда ўз аксини топади, характери, руҳий олами, дунёқараши энди шаклланиб келаётган бола ушбу ахборотларни ўқийди, таҳлил қилиб тарбияланиб боради.
Болаларни тарбиялаш давлат аҳамиятига эга бўлган жараёндир. Чунки унда жамиятнинг барча аъзолари иштирок этадилар. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ушбу жараёнга катта аҳамият берилмоқда. Зеро, ёшлар бизнинг келажагимиз, биз уларга қанча кўп билим ва тарбия берсак, келажагимиз шунчалик фаровон, мамлакатимиз тинч ва осойишта бўлади. Болалар характерида шаклланаётган илк тушунча ва ҳиссиётларни ўз вақтида илғаб олиб, уларнинг кейинги амалий фаолиятига ёрдам бериш ҳар бир тарбиячи ва таълим муассасаларининг биринчи навбатдаги вазифасига айланмоғи лозим.
Умида АДАШАЛИЕВА,
33-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

