«ТАРИХИМСАН, ТАҚДИРИМСАН, КЕЛАЖАГИМСАН, ОНА ТИЛИМ»
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сананинг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар айни шу шиор остида ўтди.
13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида бўлиб ўтган бадиий-композицион дастур 12- ҳамда 34-мактабларнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари томонидан тақдим этилди.
Тадбир ниҳоясида фаол иштирокчиларга туман ХТБнинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Замира УМАРОВА,
12-мактаб ўқитувчиси.
** ** **
Мактабимиз ҳовлиси байрамона безанган. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳам кайфиятлари юқори. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана катта шодиёнага айланди. Вилоятимиздаги таниқли ижодкорлар – «Мураббий» газетаси муҳаррири Дилбар Ҳайдарова, газета мухбири, ижодкор Абдусаттор Ботиров, НамДУ доценти, филология фанлари номзоди Фарида Каримованинг ташрифи тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. Она тили ва адабиёт фани услубий бирлашмаси раҳбари Муқаддам Асланова бошчилигида фан ўқитувчиларидан Наима Мирзабоева, Мукаррам Қирғизова, Муслима Ваҳобжонова, Дилноза Усмоновалар Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижросига бағишланган кўринишлар намойиш этишди, она тилимизни шарафловчи бадиий дастурни ҳавола қилишди. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг равон нутқи, гўзал рақслари барчага манзур бўлди.
Мактабимиз директори Марғуба Отаева сўзга чиқиб, бундай тадбирлар яна давом этишини таъкидлади.
«Она тилим сен руҳимнинг қаноти» деб номланган маърифий тадбирда Ҳожиакбар Эркинов, Севара Ҳасанбоева, Гулёра Ҳасанбоева, Маҳлиё Нурмаматова, Самандар Абдурашидов, Зулхумор Ёқубжонова, Азизбек Неъматиллаевлар фаол қатнашиб, олқишга сазовор бўлдилар.
Зарифа ЮЛДАШЕВА,
34-мактаб кутубхоначиси.
** ** **
«Она тили ва адабиёт фани ойлиги» доирасида бизнинг мактабимизда ҳам турли адабий тадбирлар, мушоира, синфлар ўртасида беллашувлар ташкил этилди.
Ҳар кунги сафланишларда «Мумтоз адабиёт вакиллари», «Замонамиз ижодкорлари» мавзуларида 8-9-синфлар ўқувчилари маълумотлар бериб боришди. Ижодкор ва қобилиятли ўқувчиларимиз томонидан шеърхонлик мусобақаси ташкил этилди. Рассом ўқувчиларимиз ўртасида расмлар танлови ўтказилди. Унда 8-синф ўқувчиси Назокат Абдужабборованинг «Лутфий» деб номланган сурати юқори баҳоланди. Танловларда «Энг шеърхон ўқувчи» деб 4-синфлар бўйича Моҳларойим Асадуллаева, юқори синфлар ўртасида эса 8-синф ўқувчиси Мадина Эркинова ғолиб бўлдилар.
Шунингдек, 8-синфлар ўртасида ўтказилган «Сўз – улкан хазина» деб номланган танловда 8-«А» синф ўқувчиси Асрорбек Абдуқаҳҳоров «Энг билимдон ўқувчи», 8-«Б» синф ўқувчиси Руҳшона Абдуназирова «Энг зукко ўқувчи», 8-«В» синф ўқувчиси Мухтасар Салимова «Энг тезкор фаол ўқувчи» деб топилдилар. Беллашувда 8-«В» синф ўқувчилари мутлақ ғолиб бўлишди.
Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда мактаб ўқитувчиси Муаззам Пирматова фаоллик кўрсатди.
Гавҳарой ҲАКИМОВА,
12-мактаб директори, туман Кенгаши депутати,
Мирзоҳид ТУРҒУНОВ,
маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.
** ** **
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда мактабимизнинг 6-7-8-синфлар ўқувчилари ўзаро беллашдилар. Ўқувчилар томонидан ўзбек тилининг пайдо бўлиш тарихи, бойлиги, гўзаллиги ҳақида маълумотлар берилди. Беллашувда жамоалар таништирув, ўзбек тилида сўз ясаш, кроссворд ва саҳна кўриниши шартларини бажардилар. 6-, 8-синфлар ўқувчилари Алишер Навоий тимсолини яратган бўлсалар, 7-синф ўқувчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини намоён қилдилар. Тадбир якунига кўра, 1-ўринни 6-синф, иккинчи ўринни 8-синф, учинчи ўринни эса 7-синф ўқувчилари қўлга киритишди. Ғолиблар фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Адабий мусобақани тайёрлаш ва ўтказишда она тили ва адабиёт фани муаллимаси Дилбархон Райимова бошқош бўлди.
Ҳусниддин МАҲМУДОВ,
16-мактаб директори.
** ** **
Масканимизда «Она тилим – фахрим менинг» шиори остида тадбир ва очиқ дарслар ташкил этилди. Мен юртимизда яратилаётган имкониятларнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда 6-«А» синфда «Ўзлик нисбат» мавзусида илғор педагогик технологиялар асосида очиқ дарс ўтказдим. Дарс давомида дидактик ўйин бўйича слайд кўринишидаги кўргазмалардан фойдаландим.
Фан ўқитувчилари ҳамкорликда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан «Тил – миллат кўзгуси» мавзусида тадбир ўтказдик. Иншолар танловида ғолиб чиққан ўқувчилар муносиб тақдирланди.
Муқаддас УСВАЛИЕВА,
9-мактаб ўқитувчиси.
** ** **
Муассасамизда бўлиб ўтган «Она тилим – жону дилим» мавзусидаги байрам эрталигида жажжи болажонларимиз она тили байрамига бағишланган шеърлар айтдилар, қўшиқ, рақслар ижро этдилар. Кичкинтойлардан Насиба Муҳаммаджонова, Фотима ва Зуҳра Абдувалиевалар, Хадича Абдураҳмонова, Абдуқодир Баҳриддинов, Мадина Тоҳиржонова ҳамда Эъзоза Дарвишалиеваларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди.
Шу куни тарбияланувчиларимизнинг ўзбек тили давлат тилимиз, она тилимиз эканлиги ҳақидаги тасаввурлари анчайин бойиди.
Дилфуза БОҚИЖОНОВА,
4-МТТ мусиқа раҳбари.
** ** **
Ушбу сана билим масканимизда ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Байрамона безатилган мактабимизга кириш қисмида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус бўйича кўргазмалар жой олди. Тадбир аввалида ҳуқуқ фани ўқитувчиси Шавкатжон Каримов ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ва истеъдодли ўқувчиларимиз томонидан тайёрланган бадиий дастур мазмунан бой ва ранг-баранглиги билан барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.
Назира ҚАЮМОВА,
3-мактаб ўқитувчиси.

