ТУРИЗМ РИВОЖЛАНАДИ

«Туризм тўғрисида»ги Қонун билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Қонунда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, туризмнинг шакллари ва турлари, туристик индустрияси ва ундаги хизматлар турлари, туристик зоналар ва туристик кластерлар, туризм соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш шартлари, туристик маҳсулотни шакллантириш, тарғиб этиш ва реализация қилишнинг хусусиятлари, шунингдек, туризм соҳаси субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилган.

Жисмоний ва юридик шахсларга туризм объектлари тўғрисида маълумот берувчи ҳамда уларни тарғиб қилувчи туристик ахборот марказлари ташкил этилади. Қонунга мувофиқ туроператорлик ва турагентлик, шунингдек, саёҳатлар ташкил этишга доир бошқа фаолиятлар туристик фаолият ҳисобланади. Туроператорлар ва турагентлар фаолияти лицензия асосида амалга оширилади. Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган жисмоний шахсларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб қилинмайди.

Гид (таржимон)лар, экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар қўмита томонидан бериладиган сертификатни олганидан кейин юридик шахс ташкил этмасдан мустақил равишда хизматлар кўрсатиши мумкин.

Қонунга мувофиқ қўмита Ўзбекистоннинг Миллий туристик белгисини ишлаб чиқади.

Мазкур Қонунда туристик хизмат ва фаолият кўрсатишга доир ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш, миллий туризм маҳсулотини ички ва жаҳон бозорида тарғиб қилиш, сайёҳлик индустриясини ривожлантиришнинг қулай шарт-шароитларини шакллантириш мақсад қилинган.

Иҳволиддин СУЛТОНОВ,

туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.