ТЎЙ БОШОҒРИҚ ЭМАС, ҲОРДИҚ БЎЛСИН
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида» Низомни эълон қилди. Бунга тўйларимиздаги манманлик, исрофгарчилик, бачкана орзу-ҳаваслару хурмача урф-одатлар сабаб бўлди.
Яқинда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда мазкур Кодекс 192-1-модда билан тўлдирилиши кўзда тутилган. Бу моддага кўра тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузган, талабларга риоя этмаган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10, 30, 50 баравари ҳажмида жаримага тортилиши белгиланган. Бу яхши, одамларимиз маросимларини анчайин тартибга соладилар, ортиқча харажатлар бўлмайди, тўйларимизга маънавият киради. Аммо бир хавотирим борки, босар-тусарини билмай қолган баъзи бировлар жаримани тўлаб қўйиб, билганини қилавермасмикин? Бундайларга Яратган инсоф берсин.
Мен яна бир тоифадаги инсонларга ҳам инсоф сўрайман. Муддаодан олдин юртдошларимиз эътиборларига бир муҳим далилни ҳавола этмоқчиман.
Табиатдаги товуш тўлқинлари шовқиннинг таъсир доираси, кучига кўра 3 гуруҳга бўлинади:
1-гуруҳ. Шивирлаш, оддий сўзлашув, қаттиқ сўзлашув, радиодаги мусиқа, автомобиль товушлари. 20-80 децибел бўлади (-бел- товуш кучи ўлчови, децибел – товуш кучининг ўндан бири), бу товушлар асаб тизими ва эшитиш органларига салбий таъсир этмайди.
2-гуруҳ. Поезд, мотоцикл, самолёт, кемасозлик цехи, артиллерия товушлари. 85-135 децибел. Бу шовқинлар узоқ муддат эшитилганда, инсоннинг эшитиш қобилияти сезиларли пасаяди.
3-гуруҳ. Реактив двигатель товуши. 140 ва ундан юқори децибел. Мазкур механик шовқинлар таъсир доираси анча юқори бўлиб, қисқа вақтда инсонни кар қилади, асаб тизимини зарарлайди, юрак ритмини бузади, ҳатто баъзи бемор кишиларнинг ўлимига сабаб бўлади.
Энди мулоҳаза қилиб кўринг. Бугунги тўйларимиздаги овоз кучайтиргичлардан таралаётган кучли шовқин 140 децибелдан кам эмас. Гап эрталаб соат 10.00 лардан тунги соат 22.00 ларгача давом этадиган «вечер»лардаги маза-матрасасиз, айрим ўзбекча (ўзбекча дейишга ҳам тил бормайди), хорижий, миллий маънавиятимиз илдизига болта ураётган рок, рэп мусиқаларга телбанома сакралаётган, шарм-ҳаё йиғиштириб қўйилган тўйлар ҳақида кетмоқда. Эрталабки ош тортарларда миллий мусиқа асбоблари жўрлигида айтилаётган миллий, мумтоз қўшиқлар бундан мустасно. Бу вақтда ошга келганлар мазза қилишларига ишончимиз комил. Миллатдошларимизга тор, дутор, ғижжак, доира чалмаган чала ҳофизларни санъаткор ҳисобламасликни маслаҳат берардим. Юқорида айтилган 10-12 соатлаб давом этадиган «вечер»лардаги аппаратура шовқини нафақат тўйхонадагиларнинг, балки атроф маҳаллалар аҳолисининг асабини таранг, қулоғини ваданг, юрагини безовта қилаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Ахир, аппаратура овозини шароитга қараб паст-баланд қилиш учун мурвати бор-ку! «Ором»да тўй бўлган куни Ҳуррият, Беруний маҳаллалари аҳолиси оромидан айрилади. Ҳозирги даврда катталар ҳам, болалар ҳам анча асабий бўлиб қолаётгани сир эмас. Бунга фонограммачилар реактив шовқин орқали «муносиб улуш» қўшмаяптимикин?! Атроф маҳаллада тўй бошланса, безиллайдиган бўлиб қолдик, десам, мени қувватловчилар топилса керак. Динимиз аҳкомларига кўра бу ҳолат зулм, унинг ижрочиси золим саналади.
Азизлар, ҳукуматимиз бу борада қонун қабул қилаётган экан, шу баҳонада бу «оғриқ жойимиз»ни ҳам тузатиб олсак, айни муддао бўларди. Бу бир-икки, ўн-ўн беш кишининг иши эмас.
Энг аввало, маҳаллалар раислари, профилактика инспекторлари, ҳокимликнинг маънавият бўлими, ёшлар иттифоқи, маданият бўлими, халқ таълими мутасаддилари, қолаверса, партиялар фаоллари бош-қош бўлмоқлари лозим. Шунда кексалар, оналар, болалар, беморларда ҳаловат бўлади, асабийлик бўлмайди, ишловчилар яхши ҳордиқ чиқарадилар. Эртасига ишларида унумдорлик бўлади, тўйга келганлар ранжимай, чиройли дуо қилиб кетадилар.
Зўраки «санъаткор»лар репертуарини ҳам тартибга солинса, асаббузар, бемаъни шовқин-сурон ўрнига сермазмун, ёқимли мумтоз, мақом, ялла, тўй қўшиқлари ижро этилса, маънавиятимиз юксалади, қадриятларимизга ҳурмат ортади, миллий чолғуларимиз овози унча-мунча дардларимизга шифо бўлади.
Дарвоқе, асаб бузаётган рок, рэп қўшиқлари Америка қамоқхоналаридаги умрбод ҳукм қилинган ашаддий рецидивистларнинг эрмаги сифатида яратилган, тарбиясизлик билан йўғрилган матоҳ эканлигини, бу ёшларимиз тарбияси ва юриш-туришига ғоят салбий таъсир этаётганини асло эсдан чиқармайлик!
Ҳа, айтганча, биз тилга олган асаббузар «санъаткор»ларга ҳам инсоф берсин.
Ўринбой МЎМИНОВ.

