ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР ҲИМОЯСИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунининг мақсади шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг амал қилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган ишлов бериш воситаларидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан қатъи назар, юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур Қонун 7 боб, 36 моддадан иборатдир.

Шахсга доир маълумотлар – муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборотдир.

Шахсга доир маълумотлар базаси таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси ҳисобланади.

Қонуннинг амал қилиши қуйидагилардан иборат:

-жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;

-миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига  олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;

-давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш.

Қонуннинг 27-моддасида шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдор ва (ёки) оператор, шунингдек, учинчи шахс шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича таъминланадиган ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни  кўриши, субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилиши, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлиги ва бут сақланиши, шахсга доир маълумотларнинг  махфийлигига риоя этилиши, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини назарда тутади.

Мазкур Қонун 2019 йил 1 октябрдан кучга кирди.

Тўхтамурод РАЖАБОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси,

Санобар ТЎРАБОЕВА,

судья.