ЭКОЛОГИК КОДЕКСНИНГ ЗАРУРАТИ
«Ҳар қандай сиёсий партия замон талаби билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади…»
Ш.М.Мирзиёев.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган яхлит миллий қонунчилик базасини яратишга эътибор қаратиш, бунда турли ҳавойи нормалардан холи бўлган, тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Экологик кодексни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий вазифаларидан биридир.
Ишлаб чиқиладиган Ўзбекистон Республикаси Экологик кодексида экологияни муҳофаза қилишдаги бир неча юзлаб меъёрлар, кўрсатмалар ва тақиқларни замон талабидан келиб чиқиб, экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, қатъий тартиблар жорий этилади. Юқоридаги қатъий тартиблар жорий қилинган Экологик кодекс қабул қилингандан кейин эса бошқа қонун ва қонуности хужжатларининг меъёрлари, кўрсатмалари ва тақиқларини Экологик кодекснинг қатъий тартибларига мувофиқлаштириш лозим бўлади. Барча қонун ва қонуности ҳужжатларининг экологияга боғлиқ, яъни экологияга таъсир этадиган жиҳатлари бор.
Бир неча йиллардан буён мамлакатимизда амал қилиб келган, соҳага тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларда маҳаллий ўғитларни ерга кузда солиш тавсия этилган, лекин қатъий муддат, қатъий тартиб белгиланмаганлиги сабабли қишлоқ хўжалиги экинларига баҳор ва ёзнинг иссиқ кунларида маҳаллий ўғит солиниши натижасида ундаги мавжуд зарарли қурт тухумлари ва «личинка»лари, ҳар хил касалликлар (микроб, бактерия, вирус) ривожланиб, ер, сув ва ҳавони зарарлантирмоқда. Натижада аҳоли, айниқса, ёш болалар ўртасида ва ҳайвонлар орасида ҳар хил гижжа касалликлари кўпайиб бормоқда.
Илмий асосланган қоидага асосан, маҳаллий ўғит ерга ноябрь ойида солиниши керак. Сабаби, ер ҳайдалганда, маҳаллий ўғит тупроққа кўмилади, ҳавони, сувни зарарламайди ва қишдаги совуқда ер юзасининг 40 см.гача қатлами музлаши натижасида маҳаллий ўғитлардаги мавжуд зарарли қурт тухумлари ва «личинка»лари нобуд бўлади.
Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги қонун ва қонуности ҳужжатларни Экологик кодекснинг қатъий тартибларига мувофиқлаштириш керак бўлади:
-қишлоқ хўжалик экинлари экиладиган ерларга солинадиган маҳаллий ўғитларни фақат ноябрь ойида солишнинг қатъий тартибини жорий этиш;
-Маъмурий жавобгарлик кодексида қишлоқ ҳўжалиги экинлари экиладиган ерларга солинадиган маҳаллий ўғитларни ноябрь ойидан бошқа вақтда ерга ва экинларга солган шахсларга нисбатан катта миқдорда жарима солишнинг қатъий тартибини жорий қилиш.
Б.АТАХАНОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси туман партия ташкилоти кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари.

