ЭЛ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА
Туманимиз тиббиёт ходимлари касб байрамларини аҳоли соғлигини сақлаш борасида давр талаб қилаётган муҳим вазифаларни муносиб адо этиш билан кутиб олмоқдалар.
Ҳозирги кунда туманимизда марказий касалхона, кўп тармоқли марказий поликлиника, болалар юқумли касалликлар шифохонаси, силга қарши курашиш диспансери, ДСЭНМ, марказий дорихона, 7 та оила поликлиникаси, 4 та қишлоқ врачлик пункти ва бошқа тармоқлар фаолият олиб бормоқда. Аҳолига 220 нафардан зиёд (68,1 фоизи олий тоифали) врач, 1730 дан зиёд ўрта тиббиёт ходими малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Тиббий ва ички туризмни ривожлантириш, даволаш-соғломлаштириш имкониятига эга бўлган тиббий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича фаол тиббиёт ходимларини байрам ва дам олиш кунларида, меҳнат таътили чоғида кўҳна шаҳарларимиз ва муқаддас қадамжоларга саёҳатлари уюштириб борилмоқда.
Кўп тармоқли марказий поликлиникада аёллар учун скрининг маркази ташкил этиш мақсадида зарур хоналар таъмирланиб, 380 млн. сўмлик УЗД сканер аппарати ва керакли жиҳозлар билан таъминланди.
Касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий маълумотлар маркази» концепцияларини мавжуд шароитларга мослаштириш ва татбиқ этиш бўйича марказий поликлиникада «Электрон поликлиника» ташкил қилинди. Инвестиция дастури режасига асосан 35-оила поликлиникасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Поликлиника замон талаблари асосида фаолият кўрсатмоқда.
2019 йилнинг ўтган даврида бирлашма томонидан 813419 нафар беморга амбулатория хизмати, 207700 нафар беморга стационар хизмати, 66,7 минг нафар беморга тез ёрдам хизмати кўрсатилди.
Инвестиция дастури доирасида бирлашма тизимидаги қуйидаги муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган:
-марказий шифохона ҳудудига 30 ўринли шошилинч тез ёрдам бўлими ва 60 ўринли режали жарроҳлик бўлими учун янги бино қурилиши;
-60 ўринли болалар юқумли касалликлар шифохонасини таъмирлаш ва қайта қуриш бошланди;
-Ёркатай ҚВПни капитал таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари ниҳоясига етказилди. Бунинг учун 850 млн. сўм сарфланди;
-Файзиобод, Сой тез ёрдам бўлими шохобчаларида таъмирлаш, 34-оила поликлиникасида қўшимча бино қурилиши давом этмоқда.
Келгусида яна бир қанча объектларимизда қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Аҳоли саломатлиги йўлидаги хайрли ишларимизни янада такомиллаштириб борамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз тиббиёт ходимларини ва барча ҳамкасбларимизни байрам билан қизғин қутлайман.
Насибахон РАСУЛОВА,
туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.

