Яқин қариндошларнинг автотранспортини бошқаришдаги ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5816-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ,  қуйидаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинган: 2019 йил 1 октябрдан — транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани;

2020 йил 1 январдан — юридик шахсларнинг, хусусан, банк ва бошқа кредит ташкилотларининг корхонани ижара ва текин фойдаланишга бериш ҳамда бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олишда ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини. Бунда, гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади.

Бу билан, транспорт воситаси эгасининг суғурта полисида кўрсатилган яқин қариндошлари транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилди.

Бунда суғурта компаниясига транспорт воситаси эгасининг қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатларни
(туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, суд қарори ва бошқалар) тақдим этади.

Транспорт воситаси эгасининг талаби билан суғурта компаниялари томонидан суғурта полисида қариндошлик даражаси кўрсатилади.

ДЙҲХХ органлари томонидан суғурта полисида кўрсатилган яқин қариндошлардан транспорт воситасини бошқариш ҳақида ишончнома ва қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Абдурасул ТЎЙЧИБОЕВ,

туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.