ЎЗГАЧА ТААССУРОТЛАР БИЛАН
Билим масканимизда ўқувчиларнинг китобхонликка, билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, фан ўқитувчиларининг ижодий изланишлари учун катта имкониятлар яратиб берилган. Айниқса, очиқ дарслар, турли тадбирлар ва туман, вилоят миқёсида семинарлар ўтказилиши анъанага айланиб бормоқда. Бу ўқитувчи ва ўқувчиларимизда янгиликка интилиш ва ўз устиларида ишлашга ҳам ундамоқда.
Октябрь ойида масканимизда «Узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш ва таълим самарадорлигини ошириш» мавзусида вилоят семинари бўлди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Наргиза Раҳматованинг 9-«А» синфда «Фарҳод ва Ширин», Нурхон Мирзаеванинг 6-«Д» синфда Ж.Родарининг «Хуришни эплолмаган кучукча», Наима Собированинг 6-«Б» синфда Х.Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асари асосида ташкил этган очиқ дарсларини кузатган семинар иштирокчилари ўзгача таассуротлар олишганини айтишди.
Шу куни мактабга НамДУдан бир гуруҳ ўқитувчилар ҳам ташриф буюриб, ўқувчилар билан яқиндан мулоқотда бўлишди.
Тадбир ниҳоясида сўз олган мактабимиз директори Насибахон Собирова изланувчан она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари ташаббуси билан илм масканида китобхон ўқувчилар сафи кенгайиб бораётгани, бу уларнинг таълим-тарбиясида, машғулотлар жараёнида ҳам ижобий самара бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Зуҳрахон КЕЛДИЕВА,
2-мактаб ўқитувчиси.

