ҲУҚУҚИЙ МОНИТОРИНГ
адлия органлари фаолиятида янги ҳуқуқий институт сифатида
Жамиятда ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб бориши билан уларни тартибга солишга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб боради, шу ўринда мазкур муносабатларнинг тартибга солиниши қонун ҳужжатларининг қўлланиши ва самарадорлигини белгилашга ҳам ўзининг таъсирини кўрсатади.
Сўнгги пайтларда у ёки бу жараёнларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши билан қонун ҳужжатларининг салмоғи ортиб бормоқда ва буни амалиётда қай даражада ишлаётганлигини ўрганиб боришга эҳтиёж туғилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун ҳужжати юқоридаги масалани тубдан тартибга солинишига олиб келди. Хусусан, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ПҚ-4505-сонли «Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.
Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, унга кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, нотўғри ёки зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиётига олиб келадиган нормалар пайдо бўлишининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни 42-моддасига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторингини амалга оширади.
Юқоридаги қарор билан тасдиқланган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ҳуқуқий мониторинг ўтказишнинг умумий қоидалари, мониторинг режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби, ҳуқуқий мониторингни ўтказиш тартиби, ҳуқуқий мониторинг ўтказилишини назорат қилиш, ҳуқуқий мониторинг натижалари бўйича якуний маълумот, жавобгарлик масалалари мустаҳкамлаб қўйилди.
Отабек РАҲИМОВ,
вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.

