АДОЛАТЛИ ҲУКМ

Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаати ётганини кўришимиз мумкин. Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича туман суди судланувчиларга жазо тайинлашда уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатиш учун қонунларимизда берилган барча имкониятлардан фойдаланилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Мисол учун яқинда бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида 21 ёшли Ж.Ж. ва 20 ёшли Х.Р.га оид жиноят иши кўрилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилган судланувчилар ёш эканлиги, судланмаганлиги, айбларига тўла иқрор бўлиб, фуқаровий даъвогарларга етказилган моддий зарарни қоплаганликлари, суриштирув ва дастлабки тергов органи билан ҳамкорлик қилиб, рўй-рост кўрсатув беришгани, ёшлар иттифоқи вакили жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок этиб, ишонч билдириб, кафилликка олгани, яшаш жойидаги МФЙ раиси томонидан ҳам кафолат хати берилгани инобатга олиниб, ЖКнинг 57-моддасига асосан уларга озодликни чеклаш жазоси тайинланди, суд залида қамоқдан озод қилинди ва жамиятга, оилалари бағрига қайтарилди.

Суд ҳукми эълон қилиниб, озодликка чиқарилган Ж.Ж. ва Х.Р. кўзларида ёш билан суд залида барчага берилган имконият учун миннатдорчилик билдириб, ҳалол меҳнатлари билан айбларини ювиб, давлатимизга хизмат қилишга  ваъда беришди.

Ўйлайманки, мазкур ҳукм билан ушбу шахслар зарарли одатларини ташлаш учун самимий аҳд қилиб, суддан чиқишди, қолаверса, мамлакатимиз бош Қомуси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма етти йиллиги байрамида уларнинг оила аъзоларига байрамона туҳфа бўлди.

Дилмурод ДОСБАЕВ,

адвокат.