БИРДАМЛИККА УНДАБ…
«Хизробод» тантаналар мажмуасида ТИҲ – ЎзЛиДеП туман кенгаши фаоллари, партиядан кўрсатилган номзодлар иштирокида «Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз» шиори остида ташвиқот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов сўзга чиқиб, барчани 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол қатнашишга чақирди.
49-Уйчи сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод – «Уйчи обод замини» фермер хўжалиги раҳбари Барно Қосимбоевна Мирзамованинг ишончли вакили сўзга чиқиб, унинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлигига номзодлар билан таништириб ўтилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод, фермер Маъмура Турғунова, туман Кенгаши депутатлигига номзод, тадбиркор Авазбек Абдуллаевлар ҳам муҳим сиёсий жараёнда партия маслакдошларини бирдамликка чақирдилар.
Туман маданият бўлими қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли санъаткорлари ижросидаги қўшиқлар тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.
Муаззам ПИРМАТОВА,
12-мактаб ўқитувчиси.

