ДАВР ТАЛАБЛАРИ АСОСИДА

Маълумки, таълим-тарбия жараёнлари инсонни ўз-ўзидан ривожлантирмайди. Ўқувчи ривожланиши учун унинг фаолиятини ташкил этиш асосий омилдир. Масалан, ўқувчи китобни варақлаб ўтириши билан ундаги фикрларни англай олмайди, китобдаги воқеликлардан, унинг сюжетидан хабардор бўлмайди. Демак, таълимнинг вазифаси болани фаолликка чорловчи шароитларни ташкил этиш, яъни китобни мутолаа қилиш кўникмасини шакллантиришдан иборатдир. Кичик ёшдаги ўқувчиларнинг диққатлари мустаҳкам эмас, улар кўпинча диққатларини бир фаолият туридан иккинчисига қарата олмайдилар. Бироқ ўқувчига доскада ҳар қандай объектни, геометрик шаклларни, ёзувларни бажариш, ранг, ҳажм ва шаклни ўзгартириш имкони берилса, унинг диққати ортади, фаоллиги кучаяди. Масалан, математика дарсида компьютер воситалари, интерфаол доскадан фойдаланиш билан болаларнинг қизиқиши ортиши кузатилади, дарс машғулоти жадаллиги ортади. Дарс жараёнига барча ўқувчилар жалб этилади, материал ҳажмининг кўплиги болаларни қийнамайди.

Ускуналар билан жиҳозланган кабинетда ишлаш ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ғоят қизиқарли бўлиши маълум.

Ҳозирги ахборотлаштириш жараёнлари таълим тизимини жадал ривожлантиришни, таълим мақсадларини аниқлаштиришни талаб қилмоқда. Шунинг учун ўқитувчилар ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишлари бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Салима МАМАДАЛИЕВА,

7-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.