ЖАҲЛНИ ЖИЛОВЛАШ ЛОЗИМ
Халқимизда: «Жаҳл келса, ақл кетар», -деган мақол бор. Ақлини йўқотган одамдан ҳар нени кутса бўлади.
Чортоқ туманида яшовчи М.Д. ҳам жаҳл устида ақлини йўқотиб, суд курсисига ўтирди. У шу йил 16 март куни Гулдиров МФЙ ҳудудида оилавий низо сабабли Д.О. билан жанжаллашиб, унинг қўлига тепади ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказади.
Бу жиноят ишлари бўйича туман суди биносида ўтказилган суд мажлисида кўриб чиқилди. М.Д. судда айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, жабрланувчидан кечирим сўрагани, унга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплагани, шу боис жабрланувчи уни кечиргани, ярашувга ариза ёзиб берганлиги учун жиноий жавобгарликдан озод қилишларини сўради.
Суд томонларнинг ярашуви бўлганлиги, ҳеч кимнинг моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги сабабли М.Д.ни жиноий жавобгарликдан озод қилди.
Агар М.Д. ўзини тутиб, жаҳлини жиловлаб олиб, масалани тинч йўл билан ҳал этганда, шунча оворагарчиликлар, сарф-харажатлар бўлмас эди.
Ж.МАМУРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.

