КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ДУНЁ КУРАШМОҚДА
Дунё дардига айланган коррупцияга қарши курашиш бўйича мамлакатларда ўзига хос тартиблар мавжуд. Масалан, Нидерландия коррупция даражаси энг паст давлат бўлиб, унда коррупцияга қарши кураш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:
-коррупция ҳолати аниқлангач, коррупцион ҳаракатнинг оқибатлари муҳокама қилинади ва уларга қўлланган жазолар мунтазам равишда ОАВда эълон қилиб борилади. Нидерландия ички ишлар вазири ҳар йили коррупция фактлари ва коррупцияга алоқадор шахсларни жазолаш чоралари тўғрисида парламентга ҳисобот беради. Бу мамлакатда коррупцион амалиётлар юзага келиши мумкин бўлган «нуқта»ларни кузатиб бориш ва бу жойларда шахсларнинг фаолиятини назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган ҳамда расмий ахлоқ қоидаларининг бузилиши учун жавобгар мансабдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тизими яратилган. Коррупцион ҳаракатлар учун асосий жазо давлат ташкилотларида ишлаш ҳуқуқидан ва барча ижтимоий имтиёзлардан маҳрум этишдир. Шунингдек, жарима ва ўз вазифасидан вақтинча четлатиш жазоси ҳам қўлланади. Бу мамлакатда миллий хавфсизлик тизимига тегишли бўлмаган, коррупцияга оид барча материаллар оммага эълон қилинади. Коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситалари коррупция ҳолатларини фош этади ва улар ҳақида суриштирув олиб боради.
Сингапурда эса коррупцияга қарши сиёсатининг асосий ғояси «инсонни коррупцияга ундайдиган ҳолатларни йўқ қилиш»дан иборат.
Давлат хизматига боғлиқ бўлган юқори талаб ва чекловларга яраша Сингапурда юқори маош ва бошқа тўловлар, иш жойининг барқарорлиги ва юқори турмуш даражасини таъминлаш кафолатланади.
Баҳодир ҚОДИРОВ,
туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

