МУНОСИБ ЮТУҚЛАР БИЛАН

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти тасарруфидаги туман ўқув-спорт техника клуби(ЎСТК)миз жамоаси «Ватанпарвар» ташкилоти ташкил топган санани муносиб ютуқлар билан қарши олдик. Сана муносабати билан ёшлар иштирокида давра суҳбатлари ва турли мусобақалар уюштирилди.

Туман ЎСТКда «В» ва «ВС» тоифали ўқув гуруҳлари ўқувчилари билан «Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда «Ватанпарвар» ташкилотининг роли» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Шунингдек, 1, 6, 26, 36, 40-мактабларда ҳам давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда туман ЎСТК бошлиғининг ўринбосарлари Ш.Бойдадаев, Р.Шерматов, жамоат ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашдилар.

Жорий йилги спорт тадбирлари календарь режасига асосан туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида ўқ отиш бўйича туман биринчилиги ўтказилди. Унда 14 та мактаб жамоаси қатнашди. Мусобақа натижаларига кўра қиз болалар ўртасида Ҳуснида Қаҳрамонова, Шодиёна Абдуллаева, Гўзал Муҳаммаджонова (31-мактаб), ўғил болалар ўртасида Исмоил Иномхўжаев, Даврон Қутбиддинов (6-мактаб), Соҳибжон Убайдуллаев (31-мактаб), ўсмир қизлар ўртасида Гулҳаё Раҳимжонова (33-мактаб), Гулшода Эргашева (31-мактаб), Шаҳзода Абдуллахонова (26-мактаб), ўсмир болалар ўртасида Аҳрор Нуриддинов (36-мактаб), Акмал Темурбоев (23-мактаб), Жаҳонгир Рустамов (31-мактаб) ғолибликка эришдилар. Аёллар ва эркаклар ўртасидаги баҳсларда Райҳона Шарипова, Дилфуза Иномхўжаева (26-мактаб), Дурдона Тоҳиржонова (6-мактаб), Турсунбой Қосимов (22-мактаб), Убайдулло Ҳабибуллаев (5-мактаб), Алишер Аҳмаджонов (31-мактаб)ларга тенг келадигани топилмади.

Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни 31-мактаб, 2-ўринни 33-мактаб, 3-ўринни 26-мактаб жамоалари эгалладилар. Ғолиб ва совриндорларга туман ЎСТКнинг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан ўтказилган веломарафон ҳам барчада ўзгача таассурот қолдирди.

Исмоил МАВЛОНОВ,

туман ЎСТК бошлиғи.