«ОБОД ҚИШЛОҚ»ДАГИ МУАССАСА

Деҳқонобод МФЙда «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Янги тураржой бинолари, ижтимоий соҳа объектлари қурилди, кенг кўламда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Яқинда инвестиция дастури асосида бунёд этилган 45-мактабгача таълим ташкилоти биносининг очилиш маросими бўлди. Унда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева 100 ўринли мазкур муассаса Янги йил арафасида деҳқонободликларга муносиб совға бўлганини эътироф этишди.

Дарҳақиқат, 2 млрд. 700 миллион сўм маблағ эвазига қурилган мазкур муассаса нафақат кўркам, балки шинам, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга эканлиги билан ҳам ажралиб туради. Айниқса, ҳар бир машғулот хонаси, заллар ўзига хос тарзда эртакмонанд қилиб безатилган.

Муассасанинг очилиш маросимида бинони сифатли қуриб, фойдаланишга топширган Мажидхон Мамадалиев бошчилигидаги «Янтар қурилиш таъмир» МЧЖ бунёдкорларига миннатдорчилик билдирилди ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Муассаса ширинтойлари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага манзур бўлди.