ОШИРИЛГАН СТАВКАЛАРДА СОЛИҚ ҲИСОБЛАШ АМАЛИЁТИДА ЎЗГАРИШЛАР
Фойдаланилмаётган объектларга идоралараро комиссия хулосаси асосида оширилган ставкаларда солиқ ҳисоблаш амалиётига қуйидагича ўзгартиришлар киритилди. Эски тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан – 6 ойгача – икки карра, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик ўн карра миқдорида қўлланилган.
Жорий этилган янги тартиб бўйича мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 3 ойга қадар икки баравар, 3 ой ўтгандан сўнг – беш баравар, 6 ой ўтгандан сўнг – ўн баравар, 12-ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари миқдорида қўлланилади.
Солиқ солиш режимининг ўзгаришини талаб қиладиган норма бекор қилинди. Яъни, аввалги нормада юридик шахслар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни соддалаштирилган тартибда тўлашдан умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилган.
Амалдаги норма бўйича бўш турган объект эгаси юридик шахс – ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлса, соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш режимини сақлаб қолади.
Татбиқ этиладиган солиқ имтиёзларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, олдинги норма бўйича қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган барча солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиши тўхтатилган. Жорий қилинган нормада фақатгина мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қўлланилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилиши тўхтатилади.
Фойдаланилмаётган объект мулкдорларини объектни ишга туширганидан сўнг уларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. Бунда аввалги тартибда фойдаланилмаётган объект хўжалик фаолиятига жалб этилганда, фақатгина таъсирчан солиқ механизмини қўллаш тўхтатилган бўлса, бугунги кунда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ҳисобланган солиқларни мулкдорга қайтариш тартиби ишлаб чиқилди.
Ишчи комиссия фаолияти қайта ташкил этилди. Бунда туман (шаҳар)лардаги ишчи гуруҳ ва сектор раҳбарлари томонидан хатлов ўтказиш, хатлов натижаларини ишчи органга тақдим этиш, ишчи орган томонидан тасдиқлаш учун Идоралараро комиссияга киритиш ва хулосасини олиш билан боғлиқ жараёнларнинг барчаси тугатилди. Буларнинг ўрнига бўш турган объектлар давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда аниқланадиган тизим жорий қилинди.
Улуғбек АРИБХАНОВ,
туман ДСИ солиқ солиш бўйича маслаҳат шўъбаси давлат солиқ бош инспектори.

