УЙЧИ ФАХРИ: «ПАХТАКОР-79» – ВИЛОЯТ ЧЕМПИОНИ

Футбол ўйинининг ўзига хос сеҳри, жозибаси бор. Бир оз томоша қилиб турсанг, барча нарсани унутиб, жараёнга киришиб кетасан. «Футбол – миллионлар ўйини», -деб аталиши  ҳам бежиз эмас. «Пахтакор-79″нинг «Навбаҳор-Умид» жамоаси билан назорат учрашувини кузатиб, шу фикрлар хаёлимдан ўтди. «Пахтакор-79» – туманимизнинг янги тузилган жамоаси. Жорий йил май ойида старт олган Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи лига баҳсларига шиддат билан киришган  туманимиз жамоаси ўзининг ёрқин ўйинлари билан мухлисларни хушнуд этди. Вакилларимиз чемпионат давомида атиги 4 ўйинда дурангга эришиб, учрашувларнинг барчасида зафар қучишди. Тўплар нисбати ҳам мақташга арзирли – 71 га 14. Эндигина бир мавсум майдонда тўп сурган футболчиларимиз вилоят чемпиони, деган шарафли унвонни қўлга киритишди.

-Жамоанинг қисқа муддатда бундай муваффақиятга эришиши  бежиз эмас, -дейди жамоа бошлиғи Ойбек Ғаниев. -Туманимизда ёшларимиз орасида иқтидор эгалари талайгина. Жамоанинг ўзагини ташкил этган истеъдодли футболчилар Санжар Тошпўлатов, Шокир Усмонов, Фарҳод Турсунов, Шерзод Тўхтабоевларнинг жамоа ғалабасида ҳиссалари катта. Қолаверса, бош мураббий Дурбек Умаралиев, ёрдамчи мураббийлар Омил Мўминов, Бунёд Мирзаевнинг сидқидил меҳнатлари ўз самарасини берди.

Жамоамиз ўз олдига юксак мақсадларни қўйган: келгусида биринчи лига жамоалари орасидан муносиб жой эгаллаш, қолаверса, олий лига жамоаларига иқтидорли футболчиларни тайёрлаб, етказиб бериш. Бугун нафақат мухлислар, етакчи мутахассислар назарига тушган «Пахтакор – 79″да бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Биз ҳам, ўз навбатида, туманимизнинг бош жамоасига равнақ тилаб қоламиз.

Абдулҳаким НИШОНОВ.