ЗАМОНАВИЙ ҚИЁФАДА
Чўртук маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 44-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади. Муассаса ўз бағрида 90 нафар болажонни тарбиялаш имкониятига эга.
Бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатмаётган ҳамда қаровсиз аҳволга келиб қолган собиқ масжид биноси қисқа фурсатда замонавий ва кўркам қиёфага келтирилди. Муҳиддин Аҳмаджонов раҳбарлигидаги «Муҳиддин инвест қурилиш» МЧЖ бунёдкорлари қурилиш ва таъмирлаш ишларини сифатли амалга оширдилар. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 680 миллион сўм, туман маҳаллий бюджетидан 400 миллион сўм маблағ сарфланди. Вилоят молия бош бошқармаси ва туман молия бўлимлари томонидан қурилиш ишлари алоҳида назоратга олинди. Ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа зали, машғулот хоналари керакли замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Эътиборли томони, барча хоналар санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб беради.
Мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Маросимда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаевалар сўзга чиқиб, мазкур муассаса жамоасига соғлом авлодни тарбиялаш йўлидаги заҳматли фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.
Жажжилар томонидан тайёрланган концерт дастури меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

