ПАНДНОМА
Тоҳиржон Исматиллаевни нафақат туманимизда, балки вилоятда ва республикада ҳам яхши билишади. Ўз ишига масъулиятли, одамшаванда, серғайрат инсон.
Яқинда гувоҳи бўлдимки, Тоҳиржон бажараётган масъулиятли вазифаси мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, «Ишончим оқла, болам» номли мўъжаз рисола ёзиб, чоп эттирибди. Китобдан совға қилди. Муқовасидаги суратданоқ китобнинг мазмун-моҳияти англашилгандек: кекса авлод вакиллари ёш авлодга насиҳат бераётгандек туюлади.
Китоб чиндан ҳам улкан ҳаётий тажриба орттирган бобонинг фарзандларига, набираларига пандномаси тарзида битилибди. Халқимиз қадимдан ёш авлоднинг таълим-тарбиясига ўта жиддий ёндашиб келади. Маънавий бисотимизда донишмандона айтилган дурдона фикрлар, ибратли мақол-маталлар борки, улар йиллар ўтса-да, долзарблигини йўқотмаган. Муаллиф рисолада улардан моҳирона фойдаланган. Миллий урф-одат ва удумларимизнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ёрқин акс этган.
Мазкур китобча ҳар бир хонадонда бўлмоғи, оила аъзолари даврасида уни кенг ўрганилмоғи, унда баён этилган пандномаларга риоя этилмоғи жуда-жуда муҳим ва зарур.
Абдубанно ХОЛМОНОВ,
фахрий журналист.

