ТУРК КИНОСИ БОШЛАДИ

Шовқин тинсин, бўлинг  жим,

Бир сўз демасин ҳеч ким,

Жондан азиз, суйганим,

Турк киноси бошлади.

Пульт талашма, энди кеч,

Хоҳла, кроссвордни еч,

Бир соат футболдан кеч,

Турк киноси бошлади.

Аёлларнинг бўши йўқ,

Гап сўрасанг, ҳуши йўқ,

Ўғри урса, иши йўқ,

Турк киноси бошлади.

Бари бўлганча бўлар,

Кечки ош чала қолар,

Ё қозон таги олар,

Турк киноси бошлади.

Кутганингдан бошқача,

Икки кундуз, бир кеча,

Чўзилиб то қишгача,

Турк киноси бошлади.

Турклар ҳам ўзимиздай,

Яхшиси пари қиздай,

Ёмони ялмоғиздай,

Турк киноси бошлади.

Номиёқ қилар шайдо,

Меҳмет, Февзи, Мустафо,

Эсма, Фериде, Дарё,

Турк киноси бошлади.

Бош қаҳрамон букилмас,

Ситамлардан ўкинмас,

Сочидан қил тўкилмас,

Турк киноси бошлади.

Бу қандайин сирли зот?

Тушунолмайман, ҳайҳот,

Қиз бегона, ўғил ёт,

Турк киноси бошлади.

Ҳар қисми бир имтиҳон,

Йўқ ижобий қаҳрамон,

Жазман – яхши, эр – ёмон,

Турк киноси бошлади.

Ўзбек киноси қайда?

Архив деган берк жойда,

Излагандан йўқ фойда,

Турк киноси бошлади.

Янги ўзбек кинолар,

Кўрсанг, кўнглингдан қолар,

Иложсизмиз, ошнолар,

Турк киноси бошлади.

Абдулҳаким НИШОНОВ.