ГРИППГА ЧАЛИНСАНГИЗ…
Грипп касаллигининг «А», «В» ва «С» турдаги махсус вируслар қўзғатиб, уларнинг «А» тури ўзининг биомолекуляр тузилиши, ташқи муҳитга чидамлилиги ва бу хусусиятининг тез ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради.
«А» турдаги грипп эпидемияси одатда тўсатдан бошланиб, 1-1,5 ойлик қисқа даврда маҳаллий аҳолининг 50 фоизигача қисми касалланади.
«В» турдаги грипп эпидемияси, секинроқ бошланиб, 3 ойгача ўтган фурсатда маҳаллий аҳолининг фақат 25 фоизгача қисми касалланиши мумкин.
«С» турдаги грипп вируслари эса аҳоли ўртасида якка-якка тартибли касалланиш ҳолатларига сабабчи бўлади.
Грипп ва шамоллаш касалликларидан сақланиш учун қуйидаги профилактик чораларни билишимиз ва уларга амал қилишимиз лозим;
-аввало, ўзида шамоллаш аломатларини сезган ҳар бир киши бошқаларни ҳам ҳурмат қилиши, жамоадан ўзини четга тортиши, аксирганда, йўталганда оғзига рўмолча тўсиши, ишда, ўқишда, машғулотда, мажлис ва бошқа тадбирларда қатнашмаслиги керак;
-касалликни оёқда ўтказмасдан имкон қадар ўринда ётиш лозим;
-оилада, ташкилот, муассаса, корхона ва жамоат жойлари ҳамда таълим-тарбия муассасаларида бино хоналарини тез-тез шамоллатиш, бунинг учун эса иситиш тизимининг бенуқсон ишлашига эришиш даркор;
-шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, хоналарни қуёш нури билан тўйинтириш ёки исириқ тутатиш каби тадбирлардан ҳам фойдаланиш керак;
-аҳолига тиббий, маданий, маиший, савдо ва бошқа турда хизмат кўрсатувчи ходимларга эса касаллик мавсумида оғиз-бурунларига докали ниқоб тутиб ишлашлари тавсия қилинади.
Бундан ташқари, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси қошидаги пуллик эмлаш марказига жамоавий ёки якка тартибда мурожаат қилиш орқали мавсумий гриппга қарши профилактик эмлаш олиш барча тадбирларнинг энг самаралисидир.
Назирахон АҚИЛОВА,
туман СЭОМнинг эпидемиология бўлими мудири,
Фозилжон ХАЙРУЛЛАЕВ, эпидемиолог врач ёрдамчиси.

