МАЪРИФАТНИ БЎҒМА, БОЛАМ!
Александр Пушкиннинг қотили Дантес ўша мудҳиш дуэлдан 30 йиллар чамаси ўтгандан сўнг жамиятдан буткул узилиб қолган экан. У билан ҳеч ким гаплашмас, бирор мажмуага кирса, унга хизмат кўрсатилмас, кўча-кўйда ёшу қари ундан ўзини четга олар, хуллас, бутун бошли жамиятда яккамохов бўлиб яшаган экан. Дўзах азобини бу дунёдаёқ татиб кўрган Дантес: «Бундай даҳшатли изтироблардан кўра, ўша дуэлда ўлиб кетиш учун ҳамма нарсага тайёр эдим», -деган сўзлари бизгача етиб келган. Чунки у нафақат Пушкиннинг қотили, балки рус поэзиясининг илдизига болта урган иблис эди. Хат-саводи бугунги одамлардек юксакларга чиқмаган бўлса-да, адабиётни боши узра кўтариб, эъзозлаган халқ Дантесни энг муносиб жазога торта олган. Даҳшат!
Янги йилнинг илк сонидаёқ бундай нохуш манзарани эслатганимга ҳайрон бўляпсанми, болам? Агар Дантес воқеаси қалбингни ларзага солган, ўйга толдирган бўлса, гапларимнинг давомини эшит. Бундай кечинмаларни туймаган бўлсанг, давомини ўқимай қўявер.
Бугун Сен ҳам Дантес юриб ўтган йўлда турибсан, аниқроғи, шу йўлни ихтиёр этяпсан. Сен туман матбуотини йўқ қилишга тамал тошини қўйдинг. Қўлингда белкурак, ёнингда кетмон билан менга, бобонгга чоғ қазишга киришдинг. Ҳеч ҳам сесканмасдан, иккиланмасдан, қўлларинг қалтирамасдан уриняпсан бу ишга. Баракалла! Сен кўз ўнгимда туғилиб, вояга етгандинг. Ўқиб-улғайгандинг. Касб-корли, дипломли бўлиб камол топгандинг. Сендан не-не орзу-умидларим бор эди. Бугун мен кутгандек катта одам бўлдинг. Нуфузли идора, ташкилотларнинг ходимисан, кимингдир раҳбар бўлдинг. Аммо сендан бу қадар тубанликни кутмагандим.
Мен туманимиз билан бирга дунёга келганман. Номимиз ҳам ёнма-ён жаранглаб келган «Уйчи» ва «Уйчинома». Бу йил 85 ёшни қаршилаяпмиз. Бу табаррук ёшимизни зўр «совға»лар билан қарши оляпман, бўтам. Менга обуна бўлишга мажбур эмассан, аммо беписанд бўлишга ҳам ҳаққинг йўқ эди. Буни агар зиғирча виждонинг бўлса, ундан сўра.
Бугун туман аҳолисининг ҳар 150 нафарига атиги бир донадан нашрим тўғри келяпти. Мана сенинг менга берган «мукофотинг»! 85 йиллик умрим давомида бу қадар қадрсизланмаган эдим. Фарзанд кекса ота-онасига эътиборсиз бўлса, уни қонун жазоламайди. Бундан фойдаланган нобакор ўғил отаси ё онасини қариялар уйига олиб бориб қўйса, Сен унга нафрат кўзи билан қарайсан, барибир. Тўғрими? Аммо Сен айнан унинг ишини такрорлашга шай турибсан-ку! Билсанг, бу ўта оғир гуноҳдир. Мен сенга буни раво кўрмайман.
Тарихда китобларни йўқ қилган, кутубхоналарга ўт қўйган шахсларни яхши биласан. Сен ҳам номингни тарихда қолдирмоқчимисан? «Матбуотдан холи замонавий туман» барпо этган шахс сифатида. Офарин! Энг ачинарлиси, ўзинг бу ишларни ихтиёр этиб, болаларингга китобга меҳр қўйишни ўргатмоқчимисан? Қандай қилиб? Ахир, бу қассоб шифокорга жарроҳликни ўргатгандай бўлмайдими?
Такрор бўлса ҳам айтай. Мен сенинг бобонгман. Шу боис, сени яхши кўраман. Тўғри, дилим оғригани рост, Сенга аччиқ гапларни айтиб юборганим ҳам шундан. Аммо имконинг борида хулоса ясаб олишинг учун огоҳлантиришни бурчим, деб билдим. Кеч бўлмасидан кўзингни оч, жигарим! Бобонг «Уйчинома».

