«ВАТАНПАРВАРЛИК ОЙЛИГИ» ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

13-мактабгача таълим ташкилотида «Ватан ҳимоячилари куни»га бағишланган тадбир кўтаринки руҳда ташкилланди.

Юз нафар кичкинтой тарбияланаётган мазкур масканда уюштирилган байрамолди тадбирда туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими вакиллари иштирок этдилар.

Жонкуяр тарбиячилар Салима Турсунова, Мадина Мадраҳимова, ёрдамчи тарбиячи Маҳфуза Қипчоқова, мусиқа раҳбари Муҳаммаддаврон Абдуллаевлар ҳамкорлигидаги мазкур тадбирда жажжи болажонлар ижросидаги ҳарбий қўшиқ ва чиқишлар барчага манзур бўлди.

******

2, 8-мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган байрам тадбири ҳам ўзгача тарзда нишонланди. Жажжи болажонларнинг ҳарбий либосларда ўзига хос чиқишлари барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.

******

Билим масканимизга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Наманган вилояти бўйича ҳарбий қисм командир ўринбосари Ғофуржон Қаюмов бошчилигидаги миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ташриф буюришди. Қўл жанги, қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбийлар билан бўлган давра суҳбати ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

-Масканимизда мингдан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олади, -дейди чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Улуғбек Мўминов. -10-11-синфларда ўқиётган ўқувчиларнинг юзга яқини йигитлар. Уларни Қуролли Кучларимиз соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириб боряпмиз. Бугунги «Ватанимга хизмат қиламан» мавзусидаги учрашувда ёшларимиз ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.

Замира УМАРОВА, 12-мактаб ўқитувчиси.