ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ – ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2441-моддасида диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дея белгилаб ўтилган.

Бундан ташқари, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш – энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Кодекснинг 2442-моддасида диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш – беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Башарти шахс тақиқланган ташкилотлар мавжудлиги тўғрисида ўз ихтиёри билан хабар қилган ва жиноятни очишга ёрдам берган бўлса, у ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноят учун жавобгарликдан озод қилинади.

Ж.МАМУРОВ, жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.