ИСТИҚЛОЛ ПОСБОНЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

13 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда «Ватан ҳимоячилари куни»га бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Шодиёнада дастлаб, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этди.

Шундан сўнг туман маданият маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари, «Бойчечак» болалар рақс, «Парвоз» ўсмирлар, «Ифтихор» ёшлар ижодий жамоалари ҳамда 45-мактаб ўқувчилари иштирокидаги бадиий дастур намойиш қилинди.

Тадбир ниҳоясида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, кўп йиллик самарали меҳнатлари учун тизимда фаолият кўрсатаётган соҳа фидойиларига туман ҳокимлигининг «Ташаккурнома»си ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

******

Гулбоғ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Мадамин ота Абдуллаев ҳамда Аҳмаджон ота Мамадалиевлар хонадонларига байрам йўқлови уюштирилди. Республика «Нуроний» жағмармаси туман бўлими раиси Т.Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Ғ.Жўраев, туман мудофаа  ишлари бўлими бошлиғи В.Мамасиддиқовлар ҳар икки отахонни табриклаб, узоқ умр тиладилар.

******

14 январь кунги тадбирлар туман марказидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими билан бошланди. Туман ҳокимлиги, мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, иқтисодиёт ва жамоат ташкилотлари, таълим, тиббиёт жамоалари вакиллари иштирокида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Байрам тадбирлари туманимиздаги ҳарбий қисмда давом этди. Унда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова самимий тилаклар билдириб, барчани байрам билан табриклашди ва  хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган бир гуруҳ ҳарбийларга туман ҳокимлигининг «Ташаккурнома»си, қимматбаҳо совғаларини топширишди.

Ҳарбий қисм билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатилгани ва амалий ёрдамлари учун туман ҳокими М.Апақов ҳамда туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси А.Обидовга ҳарбий қисм номидан «Ташаккурнома»лар тақдим этилди.

******

Туман марказидаги «Боғи эрам» тантаналар мажмуасида туман мудофаа ишлари бўлими жамоаси ва туман жангчи фахрийлари учун байрам тадбири уюштирилди. Шодиёнада туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман мудофаа  ишлари бўлими бошлиғи Воҳиджон Мамасиддиқовлар сўзга чиқиб, эзгу тилаклар билдиришди. Тадбир иштирокчиларига байрам совғалари топширилди.

Байрам тадбирларида туман маданият бўлими «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари маданий хизмат кўрсатдилар.

******

Уйчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида «Ватан сарҳадлари ишончли қўлларда» шиори остида тадбир ташкил қилинди.

Тадбир аввалида туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Абдураҳим Обидов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Воҳиджон Мамасиддиқов ўқувчи-ёшларга Ўзбекистон Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви, ҳарбий санъати ҳақида сўзлаб бердилар.

Тадбирда ҳарбийлар томонидан қурол-аслаҳаларнинг намойиши бўлди.

******

Туман хотин-қизлар қўмитасидан олинган хабарга кўра, вилоят миқёсида «Аскар оналарини шарафлаймиз» шиори остида тадбир ўтказилди. Унда туманимиздан ҳам 15 нафар аскар оналари иштирок этди. Улар байрам тадбирида дилдан суҳбат қуришди. Тадбир якунида аскар оналарига эсдалик совғалари ҳамда гуллар  тақдим этилди.

******

«Ватанпарварлик ойлиги» доирасида туманимиздаги мактаблардан 40 нафар ўқувчи Поп туманидаги ҳарбий полигонда бўлиб, машғулот жараёнларини кузатди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.