МУДИРА МАШҒУЛОТ ЎТГАНДА…
20 январь куни тумандаги 14-МТТда «Очиқ машғулот ўтиш тартиби» мавзусида туман семинари бўлди. Семинарнинг ноанъанавийлиги шундаки, унда МТТ мудирасининг гуруҳ тарбиячиси вазифасида ўзини қандай кўрсата олиши, бу орқали ходимлар фаолиятига объектив баҳо бериши масалалари кўтарилган. Тадбирда мудираларнинг турли ҳудудларда мутлақо бегона гуруҳларда машғулотлари кузатилиши режалаштирилди. Илк бор бундай ташаббус тажрибали педагог, 27-МТТ мудираси Маҳмуда Қаҳҳорова амалиётида синаб кўрилди. У 14-МТТнинг тайёрлов гуруҳида математика фанидан «Вақт ҳақида тасаввурлар: кеча, бугун, эрта» мавзусида машғулот ўтиб берди. Ҳаётий мисоллар, кўргазмали қуроллар ва интерфаол усуллардан фойдаланиб олиб борилган дарс кузатувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Тажриба туман бўйича оммалаштиришга тавсия этилди. Семинарда туман МТБ мудири Маҳбубахон Абдуллаева қатнашди. Абдулҳаким НИШОНОВ.

