«НУРОНИЙ» ФАОЛИЯТИГА БАҲО
Мамлакатимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Нуронийларнинг ҳаёт даражаси ва сифати янада яхшиланаётгани уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар, хусусан, аниқ мақсадли даволаш ва соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари йўлга қўйилгани самарасидир.
Куни кеча туман ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси туман бўлимининг йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда кенгаш аъзолари, МФЙ раислари, ташкилотлар раҳбарлари, фаол нуронийлар вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишни кенгаш раиси, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов очиб, бугунги тезкор ва глобаллашув даври ёшлар тарбиясига янада ҳушёрлик ва огоҳлик билан ёндашиш, маънавий-маърифий жараёнларда табаррук ёшдаги инсонларнинг тажрибаси, йўл-йўриқлари, насиҳатларидан унумли фойдаланишни таъкидлади.
Шунингдек, кун тартибидаги учта масала: аҳоли ўртасида тозалик, ободонлаштириш ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, маиший чиқиндиларни амалдаги тартибда утилизация қилиш маданиятини янада ошириш юзасидан аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, жамғарманинг 2019 йил давомида олиб борган фаолияти, кенгаш қарорларини тасдиқлаш юзасидан «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаевнинг маърузаси тингланди. Тадбирда Республика «Нуроний» жамғармаси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Абдуршид Болтабоев иштирок этиб, ёши улуғ инсонларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатилаётгани учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдирди, жамғарма олдидаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритди.
Йиғилиш ниҳоясида Тоҳиржон Исматиллаевнинг «Ишончим оқла, болам» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Жамғарманинг туман бўлими фаолиятига яқиндан амалий ёрдам бераётган ҳомий ташкилотлар ҳамда фаол нуронийлар вакилларига «Ташаккурнома», эсдалик совғалари топширилди.

