ЁШЛАР НИГОҲИМИЗДА
Туманимизнинг 2-сектори ҳудудида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда 5 та ташаббуснинг барча йўналишлари бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, туман прокурори раҳбарлигида вояга етмаганлар ўртасида 2-ташаббус бўйича спорт мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар тантанали тарзда тақдирланди. Туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда «Соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» шиори остида 29-МТТда «Жалолиддин баҳодирлари» номли спорт мусобақаси ташкил этилиб, унда юздан ортиқ кичкинтой иштирок этди.
Ёркатай МФЙда ўғил-қизлар иштирокида юриш ва югуриш марафони, «Қувноқ стартлар» спорт мусобақаларида 800 нафардан ортиқ вояга етмаган қатнашди. Бундан ташқари, 16-мактаб ўқувчилари ўртасида футбол, стол тенниси, шахмат-шашка, турникка тортилиш мусобақалари ўтказилди. С.Усмонов бошчилигида кикбоксинг тўгараги ташкил этилиб, унга 45 нафардан ортиқ ёш қамраб олинди.
Хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида 80 дан ортиқ фуқаро иштирокида «Меҳнат ярмаркаси» ташкил қилинди. Ушбу ярмаркада 7 нафар аёл тикувчилик цехига ишга жойланди.
2-сектор раҳбари, туман прокурори У.Номанов билан «Келажагимиз ёшлар қўлида» мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Ёркатай МФЙ биносида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкилланган тадбир якунида фаол ўқувчиларга китоблар совға қилинди. Ёшларни мусиқа, рассмочилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқтириш мақсадида санъатшунос олим Р.Эрматов, таниқли хонандалар Ҳ.Маллабоев, У.Қорабоевлар иштирокида ўтказилган учрашувлар адабиёт ва санъат кечасига айланиб кетди. 44-мактабда «Мен нечун севаман Ватанни?» мавзусидаги тадбирда ўқувчилар ижодий намуналаридан кўргазма қилишди.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш борасидаги ишларимиз давом этади.
Санжарбек МАЪМУРОВ, туман прокурори ёрдамчиси, 2-сектор котиби, 2-даражали юрист.

