АУТСОРСИНГ УСУЛИДА ОВҚАТЛАНТИРИШ
Мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлар келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни соғлом, баркамол ва ҳар томонлама салоҳиятли инсонлар бўлиб вояга етказишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шу жиҳатдан замонавий таълим-тарбия имкониятларини яратиш билан бирга болажонларни соғлом овқатлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, умумий типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида 3-7 ёшгача бўлган болалар учун СанПин 0348-17 да белгиланган 24 турдаги маҳсулот меъёри бўйича бир кунда битта бола 100 гр. гўшт, 300 гр. сут, 110 гр. нон, 200 гр. гача витаминли сабзавот, 150 гр. мева истеъмол қилиши керак. Шунда бола ўртача кунлик овқатланиш давомида 1800-1850 килокалория ва ундан ортиқ қувватга эга бўлади. Тўғриси, оилада бундай меъёрга барчамиз ҳам амал қилмаймиз.
Бироқ, мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилаётган аутсорсинг усули боланинг кундалик рационини тўлақонли таъминлаш имконини беради. 2018 йил сентябрь ойидан тажриба тариқасида Наманган шаҳрида 10 та мактабгача таълим ташкилотида аутсорсинг усулида овқатлантириш ташкил этилиб, бугунги кунда фаолият кўрсатиб келмоқда. Бунда, энг аввало, маҳсулотлар сифати, таомларнинг энергетик қиймати, калорияси ҳисобга олиниб, соғлом овқатланишнинг меъёрлари таъминланади, боланинг қандай овқатланиши, кўпроқ қайси овқатларга эҳтиёжи борлиги ўрганилади ва шунга қараб таомнома хилма-хиллигига эришилади.
Боланинг кайфияти, машғулотларга бўлган қизиқиши, аввало, овқатланишга боғлиқ. Боиси эрталабки нонушта мазали, тўйимли бўлса, боланинг руҳияти кўтарилади, машғулотларда фаол бўлади. Тушлик ва кечки овқатнинг ранг-баранг, калорияга бой, ширин бўлиши жуда ҳам аҳамиятли.
Шу каби аутсорсинг усулида соғлом овқатланишни ташкил этиш мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг вақтини ортиқча сарфлашдан халос этиб, асосий вазифаларини бажариш имконини янада кенгайтиради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 626-сонли қарорига кўра, 2019-2021 йилларда босқичма-босқич аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш белгиланган бўлиб, туманимиздаги 45 та мактабгача таълим ташкилотини 2020 йилда аутсорсинг усулига ўтказиш жадвали ишлаб чиқилди ва вилоят ҳокими томонидан тасдиқланди. Бундан ташқари, 2020 йилнинг 1-чорагида 11 та, 2-чорагида 14 та, 3-чорагида 10 та ва 4-чорагида 10 та мактабгача таълим ташкилотини аутсорсинг усулида овқатлантиришга ўтказиш учун таклифлар тайёрланиб, Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этилди. Таҳлилларга қараганда, бу усулнинг афзалликларини инобатга олган ҳолда келгуси йилда янада оммалаштириш кўзда тутилган. Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил қилиш мақсадида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ шарт-шароитлар ярата оладиган тадбиркорларни ҳамкорликка таклиф этамиз.
Н. АБДУРАҲИМОВ, туман МТБ соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўлинмаси ҳисобчиси.

