БЕДАВО ДАРДНИНГ ОЛДИНИ ОЛИНГ

Туманимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарорини бажариш мақсадида туман ҳокимининг шу йил 16 январда «Қутуриш касаллигининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ойлиги»ни ўтказиш тўғрисидаги 6-Ф-сонли фармойиши қабул қилинди.

Қутуриш касаллиги – ўта хавфли юқумли хасталик. У билан барча турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар ва одамлар касалланади.

Ушбу ўткир кечувчи вирус касаллиги асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади ва ўлим билан тугайди. Касалликнинг тарқатувчиси, асосан, дайди итлар, мушуклар, ёввойи йиртқич ҳайвонлар ҳисобланади.

Юқиш йўллари – одамга касаллик касал ҳайвонлар билан мулоқотда бўлганда ва тишлаганда сўлаги орқали ўтади. Касаллик қўзғатувчилари фақат касал ҳайвоннинг сўлаги орқали ажралиб чиқади ҳамда одам ва ҳайвонларни касаллантиради.

Клиник белгилари – ҳайвон сезувчанлигининг ошиши, ҳолсизланиш, сўлак оқиши ва охирги босқичда фалажланиш  кузатилади. Ит ёруғликдан қочиб, қоронғу жойларда ётади. Ҳар хил предметларни тишлаб ютишга ҳамда одам ва ҳайвонларни тишлашга ҳаракат қилади.

Чорва ҳайвонлари, ит ва мушуклар ўртасида касалликнинг олдини олиш фақат эмлаш орқали амалга оширилади. Хонадонлардаги ит ва мушукларни ҳар йили бир маротаба қутуриш касаллигига профилактик эмлатиш, боқилаётган ит ва мушукларда бирон бир ўзгариш кузатилса, зудлик билан ветеринария мутахассисига хабар бериш шарт.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумоти бўйича ҳар куни дунёда 175 нафар одам қутуриш касалидан ўлмоқда. Ўтган йиллар давомида дунё бўйича 38 минг одам қутуриш касалидан вафот этган. Мутахассисларимиз томонидан туманимиздаги аҳоли хонадонларида боқилаётган ит ва мушуклар рўйхатга олиниб, режа асосида эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Лекин фуқароларнинг лоқайдликлари ҳамда ит ва мушуклар эгалари ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ билмаганликлари оқибатида ўзларига қарашли итларини турли баҳоналар билан эмлатишдан бош тортишмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Аввало, оила аъзоларингиз ва ён-атрофингиздагиларни ушбу касалликдан ҳимоя қилиш учун хонадонингиздаги ит ва мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлатишни унутманг!

Валижон БОЛТАБОЕВ, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи.