ВИЛОЯТДА БИРИНЧИ ЎРИНДА
Вилоят касб таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан 2019 йил касб-ҳунар коллежларида амалга оширилган ишлар юзасидан рейтинг кўрсаткичлари аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сонли Фармонига мувофиқ вилоят касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан 2019 йил якунлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳисобот йиғилишида тизимда фаолият олиб бораётган 70 та касб-ҳунар коллежи фаолиятига баҳо берилиб, ёш авлодга касб-ҳунар сирларини ўргатиш билан бирга, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус юзасидан амалга оширилган ишларнинг рейтинг кўрсаткичи аниқланди. Туманимиздан Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи 96,1 балл билан фахрли 3-ўринни эгаллади. 1-сонли касб-ҳунар ва алоқа мактаби ва Уйчи педагогика коллежлари энг яхши ўнталик қаторидан жой олди. Вилоятда туманимиз коллежлари 89 баллга эга бўлиб, фахрли 1-ўринни эгалладилар. Бу кўрсаткичлар туманимиз коллежлари ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталарини келгусида ёшларга таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатишда фаолликка, туманимиз иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган етук кадрларни тарбиялашга ундайди.
Маҳаммаджон АТАБОЕВ, Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директори.

