ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ ТУРИ КЎПАЙМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрда «Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш, ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди. Унга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган оммавий ахборот воситаларига қуйидагилар киради:
-даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар);
-теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентлик-лари;
-маҳсулотлари Интернет жаҳон тармоғи орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар);
-асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек, таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);
-реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари (реклама тарқатишга ихтисослашган газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);
-оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва бошқалар).
-реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаси дейилганда, даврий босма нашр алоҳида сони ҳажмининг 40 фоизидан, теле-, радиодастурларда эшиттириш ва кўрсатув ҳар бир соатининг 10 фоизидан кўпроғини реклама хабарлари ташкил қиладиган оммавий ахборот воситаси тушунилади.
Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан кўрсатилиши белгиланган.
Шоҳруҳ АҲМАДЖОНОВ, туман Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.

