ЙЎЛ РАВОН, МАҚСАД АНИҚ
Мен халқнинг бир оддий вакили, ҳам аёл, педагог, ҳам маънавиятчи сифатида Мурожаатномани тинглаб, жудаям таъсирландим.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилда хотин-қизларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларга тадбиркорлик қилишга кенг имкониятлар яратиш, иш билан таъминлаш, айниқса, олий таълим муассасаларига грант ўринлари сонини икки баробарга ошириш, хусусан, қизлар учун олий ўқув юртларида алоҳида грант ўринларини ажратиш ҳақидаги фикрлари мени аёл сифатида қувонтирган бўлса, педагог сифатида 2020 йил – «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб номланиши, бу соҳаларга бўлган эътиборлари, ёшларга оид давлат сиёсатига янада жиддийроқ ёндашиш, уларни ҳар соҳада қўллаб-қувватлаш ҳақидаги фикрлари менга янада масъулият юклади.
Маънавиятчи сифатида эса: «Шарқ донишмандлари фикрларидан келтириб, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!» -деб барчани илм-маърифатга, ақл-заковатга, яхши тарбия-ю маънавиятга чорлаганлари беҳад қувонтирди.
Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада ҳеч бир соҳа йўқки, Юртбошимиз томонларидан эътибор қаратилмаган, келгусида унинг ривожи учун истиқболли фикрлар айтилмаган бўлса.
Энди барчамиз учун йўл равон, мақсад аниқ, қиладиган ишларимиз тайин, фақатгина Президентимиз Мурожаатномаларини қўллаб-қувватлаб, қўлни-қўлга бериб, виждонан, янгича шижоат билан ишласак, юртимиз ҳар соҳада янада равнақ топиб, турмушимиз фаровон бўлиб бораверади. Мен барчангизга Мурожаатномада белгиланган вазифалар, кўрсатмаларни бажаришда куч-ғайрат, шижоат тилайман.
Фотима ҲУСАНОВА, 33-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

