МАКТАБ ОИЛАГА АЙЛАНСИН
Темир каркасли стул чидамлироқми, ёғочлисими? «Албатта, темир стул, шуям савол бўлдими?» -дейишдан аввал давомини эшитинг. Агар ёғоч стул хонадонда, темир стул мактабда бўлса-чи? Ана энди ўйланиб қолдингизми? Йилда бир марта, баъзан бир неча бор синф стулларини таъмирлайвериб безор бўлганларнинг ўрнида туриб мулоҳаза юритиб кўринг. Бола, яъни ўқувчи мебелни асраб-авайлашни яхши билади. Бу кўникмага оиласида эга бўлган. Шунинг учун хонадондаги буюм бир авлодга хизмат қилиб, керак бўлса, иккинчисига мерос бўлиб ўтади. Унда нега мактаби, синфидаги буюмга нисбатан муносабати бунақа эҳтиёткорона эмас.
Менимча, тарбиядаги энг оғриқли нуқталаримиздан бири ҳам айнан мана шунда.
Муҳтарам устозлар! Ҳеч кузатганмисиз, коридорда кундуз ёниқ қолган чироқни ўчириб қўйган, совуқ кунда қия очиқ деразани ёпган, сув томаётган жўмракни бураб беркитган, стул ёки партага оёқ қўйган синфдошига танбеҳ берган ўқувчини? Агар кўрган бўлсангиз, демак, сиз бугун педагог олдига тарбия масаласида қўйилаётган талабларни бажарган кишисиз. Агар кўрмаган бўлсангиз, демак, ҳали олдимизда бажарадиган ишлар кўп.
Ватан тушунчаси мурғак қалб эгаси учун ўзи нима? Ватан, бу – унинг оиласи, маҳалласи, мактаби. Қўшни мактаб, қишлоқ, шаҳар ҳали унинг онгида бегона жой. Ватанпарварлик руҳини қарор топтиришда болага баландпарвоз мисоллар келтириб: «Сенга жоним фидо бўлсин, юртим!» каби матнларни ёд олдиришдан аввал ўша ўзи тасаввуридаги кичик Ватаннинг эгаси эканини, уни асраб-авайлашни сингдира олишимиз муҳимдир. Мактаб жиҳозларини худди хонадонидагидек эҳтиётлаган, асраб-авайлаган бола улғайганда, суяги қотганда, шахс сифатида шаклланганда ота маконнинг бир сиқим тупроғини қандай муҳофаза қилишини бир кўринг. Болаликда экилган эзгулик уруғининг дарахти ана шундай мева бера бошлайди. Аксинча, ўз таълим даргоҳини муқаддас санамаган, синф эшигини оёғи билан очаётган, дарслик китобларни яроқсиз ҳолга келтираётган, партаси устига ўйиб ёзаётган бола улағайганда ўз қобиғидан ташқаридаги барча нарсага беэътибор, беғам бўлиб ўсади. У хоҳ оддий одам бўлсин, хоҳ нуфузли курсини эгалласин, жамият учун бир хилда хавфли кимсага айланиши табиий.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: ўз оиласи анжомларини авайлашга ўрганган ота-оналар мактаб жиҳозларини ҳам асрашга ундашлари ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Фақат бунга бироз хоҳиш-истак бўлса, бас. Ахир, фарзанд, бу – келажак меваси. Меванинг мазали ёки тахирлигини татиб кўриш, барибир, ота-онанинг зиммасига тушади. Абдулҳаким НИШОНОВ.

