«ТЕПАСАРОЙ»ДАГИ КЎРКАМ МУАССАСА

Тепасарой МФЙ ҳудудида жойлашган 20-мактабгача таълим ташкилоти 1984 йилда ташкил топган бўлиб, 110 ўринга мўлжалланган эди. Ҳудуди кичик, шароитлари ҳам етарли даражада эмасди. Қўшимча тўрт сотих ер майдони ажратилиб, 75 ўринли янги бино қурилди. Шу билан бирга, замонавий ошхона, мусиқа зали, қозонхона бунёд этилди. Бунинг учун 2 млрд. 384 миллион 832 минг сўм маблағ сарфланди. «Зилол сув» МЧЖ (бошлиғи Бахтиёр Қаюмов) қурувчилари объектни белгиланган муддатда фойдаланишга топширдилар.

-110 ўринли бинойимиз ҳам жорий таъмирланиб, электр, сув, иситиш, канализация тармоқлари тўлиқ янгиланди, -дейди ташкилот мудираси Дилбаҳор Жўраева. -Бунда 4-сектор раҳбари, туман ДСИ бошлиғи Адҳамжон Маҳмудов, туман электр тармоқлари корхонаси ходими Ғуломжон Абдуллаев, тадбиркор Орифжон Нуриддинов каби саховатпеша инсонларнинг беминнат ёрдамлари ҳам катта бўлди. Улардан жамоамиз, ота-оналар миннатдор.

Муассаса янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов, туман МТБ мудири Маҳбуба Абдуллаева кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан ҳар томонлама етук ва соғлом авлодни тарбиялаш йўлида муассаса жамоаси фаолиятига муваффақиятлар тилашди.

Қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Рамзий лента қирқилиб, барча муассасада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Покиза БОЙМИРЗАЕВА,

Ҳилола ХОЛМИРЗАЕВА, 20-МТТ тарбиячилари.