РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ НИМА?
Рақамли иқтисодиёт бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизимидир. Баъзида у интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт деган терминлар билан ҳам ифодаланади.
Рақамли иқтисодиётнинг оддий иқтисодиётдан фарқи нимада?
Дейлик, харидорга пойафзал керак. Уни бозорга тушиб, ўзи бевосита танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисод. Телеграмдаги бирон савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва товарни етказиб бериш хизмати орқали олиш – рақамли иқтисодиёт дейилади. Бу – масаланинг энг содда, маиший мисоли. Аслида, ҳаммамиз аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланамиз. Масалан, ойликларимиз пластик карталарга тушади, электрон тўлов орқали коммунал хизматлар, телефон, интернет, бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул ўтказамиз, уйга таом буюртма қиламиз ва ҳоказо.
Рақамли иқтисодиёт, бу – нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари яратиш ҳамда уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.
Унинг белгилари қуйидагиларда акс этади:
-юқори даражада автоматлаштирилганлик;
-электрон ҳужжат алмашинуви;
-бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви;
-маълумотлар электрон базалари;
-CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги;
-корпоратив тармоқлар.
Қулайликлари:
1. Тўловлар учун харажатлар камаяди (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежалади).
2. Товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ва тезроқ маълумот олинади.
3. Рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари катта.
4. Фидбек(истеъмолчи фикри)ни тез олиш ҳисобига товар ва хизматлар жадал такомиллаштирилади.
5. Тезроқ, сифатлироқ, қулайроқ.
Рақамли иқтисодиёт инсонларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширади, бу унинг асосий фойдасидир. У коррупция ва «қора иқтисодиёт»нинг асосий кушандасидир. Чунки рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ, компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди. Маълумотлар кўплиги ва тизимлилиги ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди, чунки тизимни алдаш имконсиз. Натижада «ифлос пуллар»ни ювиш, маблағларни ўғирлаш, самарасиз ва мақсадсиз сарфлаш, ошириб ё яшириб кўрсатиш имкони қолмайди. Бу эса иқтисодиётга легал маблағлар оқимини оширади, солиқлар ўз вақтида ва тўғри тўланади, бюджет тақсимоти очиқ бўлади, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ўғирланмайди, мактаблар, касалхоналар, йўлларга ажратилган пуллар тўлиқ етиб боради ва ҳоказо.
Давлатнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлини танлаганлиги ахборот технологиялари соҳасида ва умуман, электрон ҳужжатлар айланмаси соҳасида янги йўналишлар очиб беради. «Рақамли технологиялар» томон бурилишга бутунжаҳон интернет тармоғи ва сифатли алоқанинг ривожланиши сабабчи бўлди.
Рақамли иқтисодиётни ким ривожлантиради?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади. Бундан ташқари, Иқтисодиёт, Молия, Ахборот технологиялари, Адлия вазирликлари ва бошқа қатор давлат тузилмалари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун ўзига хос масъулият ва вазифаларга эга.
Фарҳод МАМАДАЛИЕВ, туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари.

