МУАММОЛАР ДЕПУТАТЛАР НАЗОРАТИДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари туманимиздаги дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Наманган илмий тажриба станциясида наманганлик фермерлар билан учрашдилар. Тадбирда парламент вакиллари Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Чиндан ҳам, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан биридир. Учрашувда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигида ҳам бозор механизмларини кенг жорий қилиб, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш, маҳсулотларини эса бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига ҳамда аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш масалалари мурожаатда алоҳида эътибор билан тилга олинган.

-Мен ўзим ҳам кўп йиллар мобайнида фермер сифатида фаолият юритганман, бу соҳанинг ўзига хос машаққатларидан хабардорман. Бугунги мулоқотда фермерларнинг дардига қулоқ тутдик, таклиф ва мурожаатларини тингладик, -дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова. -Мақсадимиз, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, аграр соҳа вакиллари фаолиятига янада қулайлик ва эркинлик яратиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигига оид мавжуд қонун-қоидаларни янада такомиллаштиришдан иборат.

Учрашув давомида фермерлар ўзларини қийнаётган муаммоли масалалар бўйича депутатларга мурожаат қилишди. Тадбир якунида ЎзЛиДеПга аъзо бўлиш истагини билдирган ёшлардан 5 нафарига партия гувоҳномалари топширилди.